123

2017 йилда Ўзбекистонда 389,3 минг киши доимий иш жойи билан таъминланади

Дата: 16:53, 14-12-2016.

Тошкент. 14 декабр. ЎзТАГ – 2017 йилда Ўзбекистонда 389,3 минг кишини доимий иш жойи билан таъминлаш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Сенат томонидан 13 декабрда маъқулланган Аҳоли бандлиги дастурига асосланган ҳолда.

“Янги иш ўринлари саноатда (131,1 минг), хизматлар соҳасида (69,5 минг), қишлоқ хўжалигида (55,8 минг), қурилишда ва инфратузилма лойиҳаларида (88,9 минг), шунингдек, бўш турган корхоналар фаолиятини тиклаш ҳисобига (44 минг) ташкил этилади. Якка тартибдаги тадбиркорлик соҳасида 97,7 минг иш ўрни яратилади”, - деб таъкидлашди Сенат матбуот хизматида.

Қишлоқ хўжалигида ва қурилишда йилига ўртача 199,1 минг киши мавсумий ҳамда вақтинчалик иш ўринлари билан таъминланади. Бундан ташқари, аҳолининг ўзини иш билан таъминлашини рағбатлантириш ҳисобига 308,6 минг фуқарода, шу жумладан, шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларида 272,7 минг кишида, ҳунармандчиликда ва оилавий тадбиркорликда 35,9 минг кишида даромад манбалари пайдо бўлади.

Дастурда 2017 йилда камида 508,8 минг нафарни ташкил этадиган ўрта махсус ва олий ўқув юртлари битирувчиларини ишга жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Мажлисда таъкидланганидек, коллеж ва лицейлар битирувчиларини ишга жойлаштириш мақсадида ҳар бир туман ва шаҳар кесимида махсус тадбирлар ишлаб чиқилади. Уларни амалга оширишда манфаатдор вазирликлар ва идоралар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ҳокимликлар, корхоналар ҳамда ташкилотлар иштирок этади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: