123

2019 йилда Ўзбекистон ҳудудларига 5,5 трлн сўм ажратилади

Дата: 15:33, 31-10-2018.

Тошкент. 31 октябр. ЎзТАГ – 2019 йилда Ўзбекистон ҳудудларига 5,5 трлн сўм ёки ўтган йилдагига солиштирганда 6 баробар кўп маблағ ажратилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу маълумотлар Ўзбекистон Президенти Ш. Мирзиёевнинг 30 октябрь куни жорий йилда давлат бюджетининг кутилаётган ижроси, 2019 йилга мўлжалланган макроиқтисодий кўрсаткичлар, бюджет-солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари муҳокамасига бағишланган йиғилишида очиқланди.

“Йиғилишда жорий йил якуни бўйича давлат бюджети даромадлари 74,5 триллион сўм, харажатлари эса 78,5 триллион сўмни ташкил этиши, маҳаллий бюджетлар ихтиёрида 5,5 триллион сўм ёки ўтган йилга нисбатан 6 баробар кўп маблағ қолиши кутилаётгани қайд этилди”, - дейилади давлат раҳбари матбуот хизматининг хабарида.

Қайд этилишича, 2018 йилда бюджет харажатлари 2017 йилга нисбатан 60% ёки 29 трлн сўмга ошган. Ушбу маблағларнинг 5,6 триллион сўми “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ёшлар – келажагимиз” давлат дастурлари ва арзон уй-жойлар қурилишини молиялаштиришга йўналтирилди. Ёш тадбиркорларга имтиёзли кредитлар бериш, аҳолини иш билан таъминлаш учун “Микрокредитбанк”ка 700 млрд сўм ва “Халқ банки”га 1 триллион сўмдан зиёд маблағ, мамлакатимиз мудофаа қобилиятини оширишга 4,5 трлн сўм ажратилди.

Асосийси, бюджет соҳаси ходимлари иш ҳақлари, пенсия ва нафақаларини инфляция кўрсаткичидан юқори ошириш билан бирга тарбиячилар, ўқитувчилар, илмий ходимлар, професор-ўқитувчилар, маданият ходимларининг иш ҳақлари 30%дан 100%гача оширилди.

Шунингдек, 2019 йил 1 январдан - тушумдан олинадиган мажбурий ажратмаларни тўлиқ бекор қилиш натижадасида корхоналарда қўшимча 5,2 трлн сўм даромад қолади.

Жисмоний шахслар учун даромад солиғининг энг юқори ставкаси 22%дан 12%гача, ягона ижтимоий тўлови 25 %дан 15%гача туширилиши, фуқароларнинг 8 фоизлик суғурта бадали бекор қилиниши натижасида аҳоли даромадлари 6,5%га ошади.

Бундан ташқари, юридик шахслар мол-мулк солиғи 5%дан 2%гача, фойда солиғи 14% дан 12%гача, кичик бизнес субъектлари ягона солиғи 5%дан 4%гача камайтирилиши натижасида тадбиркорлар ихтиёрида 2 трлн сўм қўшимча маблағ қолади. Умуман олганда, мавжуд 19 та солиқ ва мажбурий тўловлар тури 15 тагача камайтирилади.

Таъкидланишича, бундай енгилликлар натижасида бюджет тушумларини таъминлаш бироз қийинлашади. Шу боис йиғилишда бюджет дефицитини қисқартириш, даромадларни кўпайтириш, жумладан, ишчилар сони ва иш ҳақини легаллаштириш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш бўйича топшириқлар берилди.

2019 йилги Бюджетномани, шунингдек, солиқ сиёсатидаги ўзгаришлар бўйича тегишли қонун лойиҳасини пухта ишлаб чиқиб, яқин вақт ичида Олий Мажлисга тақдим этиш вазифаси қўйилди.

Ш. Мирзиеев қўшилган қиймат солиғи тўлашнинг соддалаштирилган механизмини жорий этиш, мавжуд имтиёзларни тўлиқ хатловдан ўтказиб, оптимизация қилиш бўйича ҳам топшириқлар берди.

“Келгуси йил ҳам бюджетдан тўланадиган ойлик, пенсия ва нафақаларни инфляция даражасидан кам бўлмаган миқдорда ошириш сиёсатини давом эттиришимиз керак. Бунда ойлик маошининг ўсиши нисбатан паст бўлган ижтимоий соҳа ходимларига асосий эътибор қаратиш, жумладан, тиббиёт ходимларининг ойлигини 26,5%га, олий таълим ва фан муассалалари ходимлари иш ҳақини 1,5 баробарга ошириш зарур, – деди Ш. Мирзиёев.

Яна маълум қилинишича, ижтимоий нафақалар учун маблағлар ҳажмини 20%га кўпайтириш, умуман, ойлик ва унга тенглаштирилган тўловларнинг давлат бюджети харажатидаги улушини 49%дан 54%га ошириш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, қабул қилинган давлат дастурларини амалга ошириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Бунинг учун имтиёзли шартларда хорижий маблағларни жалб этиш, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида таъмирланадиган объектларни аниқ шакллантириб, 2019 йилги Инвестиция дастурига киритиш зарурлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, бу борада назоратни янада кучайтириш бўйича ҳам топшириқлар берилди.

Сурат манбаи: http://press-service.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: