123

2023 йилга қадар Тошкентда $500 млнлик Business city қурилади

Дата: 09:33, 29-10-2018.

Тошкент. 29 октябр. ЎзТАГ – 2023 йилга қадар Тошкентда қиймати $500 млнлик Business city қурилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

26 октябрда президент Шавкат Мирзиёев ушбу ишбилармонлик маркази лойиҳаси билан танишди. 

“Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳанинг қиймати $500 млн бўлиб, 2019-2023 йилларда амалга оширилиши кўзда тутилган”, - дейилади президент матбуот хизмати хабарида. 

Бизнес марказ давлат раҳбарининг 2018 йил 2 августдаги “Республика ҳудудларида “Business city” замонавий ишбилармонлик марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ барпо этилмоқда. Маълум қилинишича, ушбу мажмуа Юнусобод туманининг 2-Отчопар маҳалласидаги 45,5 гектар майдонда қурилиши режалаштирилган. Унда савдо марказлари, бизнес офислар, кўнгилочар масканлар, сайлгоҳлар, турар жойлар ва бошқа объектлар бўлиши мўлжалланган. 

Ш. Мирзиёев янги ишбилармонлик маркази қурилишида рельефдан оқилона фойдаланиш, дунё шаҳарлари тажрибасини ўрганиш зарурлигини қайд этди. Уни барпо этишга хорижий инвесторлар, тажрибали лойиҳачи ва қурувчиларни жалб этиш бўйича топшириқлар берди.

Бундан ташқари, Юнусобод туманидаги кўп қаватли уйларни бошқариш бўйича россиянинг Қозон шаҳри тажрибаси асосида ишлаб чиқилган таклифлар тақдимоти ўтказилди.

Шундан кейин қайд этилишича, у профессионал сервис компаниялари ташкил этиш орқали кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатишни яхшилаш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, иқтисодий барқарорликни таъминлашга қаратилган.

Президент туманда ушбу тизимни жорий мавсумдаёқ татбиқ этиш, ҳар бир кўп қаватли уйнинг эгасини топиб, уларга имтиёзлар бериш зарурлигини таъкидлади. 

“Инновацион, илмий ва ташкилий ишларни бирлаштириб, баравар олиб бормасак, бу соҳа эскича ҳолда қолаверади. Коммунал хизматлар хусусий корхоналар томонидан амалга оширилмаса, сифат бўлмайди. Сифат бўлмагандан кейин тўлов ҳам барқарор бўлмайди. Бу соҳада хизматни, ҳисоб-китобни жойига қўйсак, вазият ўзгаради, одамлар рози бўлади”, - деб таъкидлади Ш. Мирзиёев.

Сурат манбаи: http://www.press-service.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: