123

ЕИ Ўзбекистонда 25 млн евролик икки лойиҳани молиялаштиради

Дата: 11:35, 26-11-2018.

Тошкент. 26 ноябр. ЎзТАГ – Европа Иттифоқи (ЕИ) Ўзбекистонда 25 млн евролик икки лойиҳани молиялаштиради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги берган маълумотга кўра, ушбу келишув вазир Абдулазиз Камилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Бруссель шаҳрига (Бельгия) иш ташрифи доирасида имзоланган.

“Ўзбек делегациясининг ташрифи доирасида ЕИ томонидан “Чорвачилик тармоғини ривожлантириш”, “Республика ҳудудларида адлия органлари томонидан кўрсатилаётган давлат хизматлари сифатини яхшилаш” қўшма лойиҳаларини молиялаштириш тўғрисида 25 млн евро бюджетга эга келишув имзоланди”, - дейилади ТИВ хабарида.

Шунингдек, томонлар 2019 йилда Брюсселда олий даражадаги ўзбек-европа учрашуви ва Ўзбекистон раҳбарининг Бельгияга расмий ташрифини тайёрлаш ва ўтказиш бўйича ишларни бошлаб юборишга келишиб олдилар.

Бундан ташқари, ЕИ Ўзбекистоннинг “Бош преференциялар тизими плюс” доирасида биртарафлама тариф имтиёзлари олишига кўмаклашишга тайёрлигини тасдиқлади, бу эса 6200 турдаги ўзбек товарларининг европа бозорига божсиз киришига ёрдамлашади.

Шундан кейин маълум қилинишича, томонлар таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни фаоллаштиришга келишиб олдилар, бугунда талаб юқори бўлган соҳаларда Ўзбекистонда етакчи Европа ОТМ филиаллари тармоқларини кўпайтириш истиқболларини кўриб чиқдилар.

Қайд этилишича, “Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи мамлакатлари вакиллари 2019 йил ўртасига бориб ЕИнинг МО бўйича Янгиланган стратегиясини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ҳақида келишиб олдилар. Бу келишув ўрта муддатли истиқболда минтақалараро ҳамкорликнинг янги “йўл харитаси” бўлади. Европа томони ҳужжатда МО давлатлари ривожининг устувор йўналишларига катта эътибор қиратилишини алоҳида таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, 2018-йилнинг январ-сентябрида Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги савдо айланмаси $2,23 млрдни ташкил этиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17% га кўпдир.

Ф. Могерини А. Камиловга Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим лойиҳасини тақдим этди. Ушбу ҳужжат 1999-йил 1-июлдан буён амал қилаётган Ўзбекистон ва Европа Ҳамжамиятлари ҳамда уларга аъзо давлатлар ўртасида шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим ўрнини босиши кутилмоқда.

Сурат манбаи: https://eeas.europa.eu

Янгилик билан ўртоқлашиш: