123

ЕТТБ Ўзбекистон бўйича 2018-2023 йилларга мўлжалланган янги стратегияни қабул қилди

Дата: 14:16, 02-10-2018.

Тошкент. 2 октябр. ЎзТАГ – Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) 2018-2023 йилларда Ўзбекистонда лойиҳаларни молиялаштириш бўйича янги стратегияни қабул қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ҳужжат ЕТТБ Директорлар кенгаши томонидан маъқулланди. У банкнинг кейинги 5 йилга устуворликларини белгилаб беради. Стратегия мамлакатдаги сўнгги сиёсий, макроиқтисодий ўзгаришларни акс эттириб, очиқ, интеграциялашган ва экспортга йўналтирилган иқтисодиёт яратишни кўзда тутади.

ЕТТБ ҳужжатни Ўзбекистоннинг 2016 йил охирида сиёсий, иқтисодий соҳалардаги ўзгаришлар фонида қабул қилди.

“ЕТТБнинг Ўзбекистон учун янги стратегияси демократиш институтларни мустаҳкамлаш, фуқаролик жамияти ролини кенгайтириш, ОАВ эркинлигини таъминлаш ва аёллар тадбиркорлигига қўмаклашиш зарурлигини тан олади. Банк пахтачилик каби тармоқларда мажбурий ва болалар меҳнатини бартараф қилишишида кузатувни давом эттиради”, - дейилади хабарда.

Стратегия 3 принципни кўзда тутади:

1. Хусусий тармоқни кучайтириш ҳисобига рақобатбардошликни ошириш: ЕТТБ кичик ва ўрта бизнесни қўллаб қувватлаш учун молия ва маслаҳат ресурсларини мобилизация қилади. Банк маҳаллий капитал бозорларини ривожлантириш ва молиявий институтларни мустаҳкамлашга кўмаклашади. У баъзи давлат корхоналарига хусусийлаштиришга қадар бўлган ёрдамни тақдим этади ва Ўзбекистондаги инвестицион иқлимни яхшилашга доир саъй-ҳаракатларни қўллаб қувватлаш йўлларини кўриб чиқади.

2. Яшил энергетика ва табиий ресурслардан самарали фойдаланишни илгари суриш: ЕТТБ Ўзбекистоннинг маҳаллий ва миллий инфраструктура тармоқлари учун барқарор ечимларни ишлаб чиқишга кўмаклашади. Электрэнергияни ишлаб чиқариш, электр энергия етказиб бериш ҳамда тарқатиш самарадорлигини оширишни ичига олган энергетик хавфсизликка алоҳида эътибор қаратилади. Банк уранни тиклашга ёрдам беришда ҳам ўз тажрибасидан фойдаланади.

3. Минтақавий ва ҳалқаро ҳамкорлик ҳамда интеграцияни қўллаб қувватлаш: ЕТТБ бошқа халқаро молия институтлари билан биргаликда мамлакатдаги транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш ва минтақавий тармоқлар билан алоқаларни яхшилашга доир лойиҳаларни ҳам молиялаштиради. ЕТТБ минтақавий энергетик ҳамкорликни қўллаб қувватлайди. Банк ўзининг TFP (савдо-сотиққа кўмаклашиш) лойиҳаси орқали Ўзбекистон корхоналари ва молиявий институтлари экспорт фаоллигини мобиллаштиришни режалаштирмоқда. Банк тегишли инфраструктура ва туристик салоҳиятни яхшилаш мақсадида мамлакатнинг маданий мероси билан боғлиқ инвестицияларни қўллаб-қувватлаш имкониятни ўрганиб чиқишни режалаштирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 1992-2010 йилларда ЕТТБ Ўзбекистондаги 54 лойиҳага 894 млн евро сармоя киритди. Банк 2017 йил охирига келиб 2010 йилдан бери 6та биринчи операцияларни имзолади. Уларнинг умумий қиймати 153 млн евродан зиёдга тенг. Мамлакатдаги 8 млн евролик лойиҳаларнинг жорий портфелини бошқариш Тошкент ва Лондондан амалга оширилмоқда.

Сурат манбаи: https://latifundist.com

Янгилик билан ўртоқлашиш: