123

Хоразм вилоятида Малайзия инвестлойиҳалари амалга оширилмоқда

Дата: 16:34, 30-01-2019.

Тошкент. 30 январ. ЎзТАГ – Хоразм вилояти делегацияси Малайзияда Малайзия ташқи савдони ривожлантириш корпорацияси (MATRADE) кўмагида ўтказилган бизнес-форумда қатор келишувларга эришди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси маълумотига кўра, Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов бошчилигидаги делегация Малайзия томонига вилоятнинг савдо-иқтисодий салоҳияти, шу жумладан, “Хазорасп” эркин иқтисодий зонаси, 1 мартдан бошлаб тадбиркорлар учун “инвестиция визаси” жорий этилиша ҳақида ахборот берди.

Бизнес-форум якунлари бўйича бир қатор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди. Қурилиш саноати соҳасида Hadid Engineering компанияси $100 млндан зиёдлик лойиҳа амалга оширилади. Компания, шунингдек, мавжуд ишлаб чиқариш объектларини модернизация қилиш учун нефтегаз, нефт-кимё ва кимё саноати корхоналари акцияларини сотиб олиш имкониятларини кўриб чиқишга тайёр.

Малайзиянинг Telekom Malaysia Bhd. телекоммуникация компанияси билан биргаликда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида, тиббиёт ва консалтинг хизматлари соҳасида Alpha International Training & Consultancy билан марказ ташкил этиш, Ideal Healthcare билан тиббий асбоб-ускуналарни экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.

Бундан ташқари Хоразм вилоятида A Farm Agrotech билан маҳаллий хом ашёлардан фойдаланган ҳолда балиқчилик ва балиқ етиштириш бўйича замонавий кластерни яратиш, шунингдек, Урганчда Monarch Holdings Ўзбекистон-Малайзия қўшма инновацион марказининг тиббий ва косметология хизматларини кўрсатиш бўйича филиалини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш учун республикага MATRADE раҳбарияти бошчилигидаги Малайзия ишбилармон доираларининг навбатдаги сафарини 2019 йил май ойида ташкил этиш тўғрисида келишиб олдилар.

 

Сурат манбаи: https://www.quanjing.com

Янгилик билан ўртоқлашиш: