123

Осиё Кубоги олдидан футбол бўйича Ўзбекистон термаси штаби Александр Волков билан кучайтирилди

Дата: 10:53, 28-11-2014.

Тошкент. 28 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Футбол федерацияси Александр Волковни миллий терма жамоа бош мураббийси ёрдамчиси этиб тайинлаш ҳақида қарор қабул қилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Волков Бахтиёр Ашурматов сингари Миржалол Қосимовнинг ёрдамчиси бўлиб ишлайди. Шуҳрат Мақсудов илгаригидай катта мураббий лавозимида иш олиб боради”, – деб таъкидлашди Футбол федерацияси матбуот хизматида.

Ўзбекистон терма жамоасининг 2015 йилги Осиё Кубоги баҳсларига тайёргарлиги икки қисмга бўлинган. Улардан биринчиси 1-14 декабр кунлари, иккинчиси эса 17-29 декабрда БААнинг Дубай шаҳрида бўлиб ўтади.

Осиё Кубогигача қолган вақт давомида миллий терма жамоа беш ўртоқлик учрашувини ўтказади. Режага кўра, дастлаб 4 декабрда биринчи рақиб Янги Зеландия Премьер Лигаси клуби “Окланд” бўлади. Шундан сўнг Миржалол Қосимов жамоаси Қувайт (10 декабр), Фаластин (13 декабр), Иордания (20 декабр) ва Ироқ (25 декабр) билан ўртоқлик учрашуви ўтказади.

Эслатиб ўтамизки, 9-31 январда Австралияда футбол бўйича XVI Осиё Кубоги бўлиб ўтади. Ўзбекистон термаси “B” гуруҳида Саудия Арабистони, Хитой ва КХДР термалари билан ўйнайди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: