123

Покистон бош вазири Ўзбекистонга ташрифини якунлади

Дата: 11:54, 19-11-2015.

Тошкент. 19 ноябр. ЎзТАГ – 18 ноябрда Покистон Ислом Республикаси бош вазири Муҳаммад Навоз Шариф Ўзбекистонга икки кунлик ташрифини якунлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Навоз Шариф ташриф давомида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан музокаралар ўтказди, шунингдек, қатор корхоналар ва Самарқанд ва Тошкентнинг меъморчилик обидаларига ташриф буюрди.

“Самарқандда меҳмон Имом Бухорий мажмуасини, Мирзо Улуғбек расадхонаси ва музейи, Амир Темур мавзолейи, Регистон мажмуини зиёрат қилди, миллий ҳунармандлик буюмлари кўргазмаси, қўли гул усталар тайёрлаган маҳсулотларни кўздан кечирди, Тошкентда Мустақиллик майдонини бориб кўрди”, - деб таъкидлашди давлат раҳбари матбуот хизматида.

Покистон бош вазири қадим маданиятимиз ва миллий давлатчилигимиз тимсоли, меъморлик санъатининг юксак намунаси бўлган Самарқанд обидалари унутилмас таассурот қолдирганини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, Покистон делегацияси Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган юк автомобиллари ва автобуслар, қишлоқ хўжалик техникалари кўргазмасини ҳам кўздан кечирди. Самарқанддаги “JV MAN Auto Uzbekistan”, “СамАвто” корхоналарида ишлаб чиқарилаётган “МАN” ва “Isuzu” русумли юк машиналари, автобуслар ва бошқа транспорт воситалари меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Ислом Каримов билан музокаралар пойтахтдаги Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтганлиги айтилмоқда.

“Ислом Каримов ва Навоз Шариф ўзаро ҳамкорлик ривожига бевосита дахлдор бўлган афғон масаласига алоҳида эътибор қаратдилар. Томонлар Афғонистон муаммосини фақат бир йўл – БМТ шафелигида тинч сиёсий музокаралар ўтказиш ва ўзаро курашаётган томонларни муросага келтириш орқалигина ҳал этиш мумкинлиги ҳақида якдил фикр билдирилди. Минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, терроризм, экстремизм, наркотрафик каби таҳдидларга қарши курашиш борасидаги ҳамкорликка доир масалалар муҳокама қилинди”, - деб таъкидланади И.Каримов матбуот хизмати хабарида.

Музокаралар якунида Ислом Каримов ва Навоз Шариф Ўзбекистон Республикаси билан Покистон Ислом Республикаси ўртасидаги Қўшма декларацияни имзоладилар. Шунингдек, ўзаро савдо муносабатларини ривожлантириш, солиқ соҳасида қўшимча имтиёзлар яратиш, ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир қатор ҳужжатлар имзоланди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: