123

“Tashkent Cup-2014”: Озарбайжон Беларусияни енгди, Қозоғистон мусобақа эгалари билан дуранг ўйнади

Дата: 12:58, 03-12-2014.

Тошкент. 3 декабр. ЎзТАГ – Кеча Тошкентдаги “Ўзбекистон” спорт мажмуасида “Tashkent Cup-2014” халқаро турнирининг иккинчи куни ўйинлари бўлиб ўтди. Турнирда Ўзбекистон, Озарбайжон, Беларусия ва Қозоғистон терма жамоалари қатнашмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақидаги мълумот Футбол федерацияси сайтида жойлаштирилган.

Биринчи ўйинда Озарбайжон ва Беларусия терма жамоалари учрашди. Қийин кечган ўйинда озарбайжонликлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозондилар.

1:1 ҳисобида якунланган куннинг иккинчи ўйинида эса, Ўзбекистон ва Қозоғистон терма жамоалари баҳс олиб бордилар. Баҳодир Аҳмедов шогирдлари ўйиннинг 7-дақиқасида ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Даврон Чориев Артур Юнусов бошлаган чиройли ҳужумдан сўнг Игита дарвозасини ишғол қилди ва Ўзбекистон терма жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Биринчи бўлимда бошқа ҳисоб ўзгармади. Иккинчи бўлим бошидан ўйинда ташаббусга эришган қозоғистонлик футзалчилар бир неча маротаба қулай вазиятларга эга бўлишди, лекин дарвозабон Рустам Умаров усталик кўрсатди. Аммо ўйиннинг 36-дақиқасида Қозоғистон терма жамоси кетма-кет ҳужумлардан кейин ҳисобни тенглаштиришнинг уддасидан чиқа олди - Константин Чеботарев яқин масофадан Умаровга ҳеч қандай имкон қолдирмади - 1:1.

Илгари ЎзТАГ турнирнинг биринчи турида Қозоғистон Озарбайжон устидан 4:1 ҳисобида ғалаба қилгани, Ўзбекистон эса Беларусия билан 1:1 ўйнагани ҳақида хабар қилган эди.

Бугун турнирнинг 3-тур ўйинлари бўлиб ўтади. Дастлаб, соат 16:30да Қозоғистон терма жамоаси Беларусь билан баҳс олиб борса, соат 18:30да Ўзбекистон терма жамоаси Озарбайжон билан ўйнайди.

Эслатиб ўтамизки, 2014 йилнинг 1-3 декабрида Тошкентда футзал бўйича “Tashkent Cup-2014” халқаро турнири бўлиб ўтмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: