123

Тошкент ва Бишкек ўртасидаги автобус маршрути қайта тикланди

Дата: 14:37, 04-02-2019.

Тошкент. 4 феврал. ЎзТАГ – Тошкент ва Бишкек ўртасидаги автобус маршрути қайта тикланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) маҳаллий ОАВга асосланган ҳолда.

Қирғизистон Транспорт ва йўллар вазирлиги маълумотларига кўра, Тошкент-Бишкек автобус қатнови олдинги маршрут бўйича янги жадвал келишилган ва тасдиқланганга қадар 1 февралдан қайта тикланди.

Маълум қилинишича, Қирғизистон Транспорт вазирлиги Қозоғистон инфратузилма ва ривожланиш вазирлиги билан Тошкент-Бишкек автобусининг ҚР ҳудудидан транзит асосида ўтиш масаласини ишлаб чиқди.

Томонлар маршрутнинг янги жадвали бўйича бир тўхтамга келишган.

“Янги жадвал ўзаро мувофиқлаштирилгунига қадар 2019 йил 1 февралдан Тошкент-Бишкек қатнови қайта тикланади. Ҳозирда транспор вазирлиги Ўзбекистон автомобиль транспорти вазирлиги билан янги жадвални мувофиқлаштирмоқда”, - деб хабар қилишди вазирликда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги маълумотларига кўра, қирғиз томони Тошкент-Бишкек автобусининг маршрутига қишги мавсумда ўзгартиш киритган. Бу ўзгартишлар Дархан-Бишкек халқаро автобус йўналиши ҳаракати билан тўғри келиб қолган. Бу эса Қирғизистон ва Қозоғистон ташувчиларининг норозилигига сабаб бўлган. Шу муносабат билан Қозоғистон ўз ҳудудидан бу йўналиш ҳаракатини тўхтатган эди.

Тошкент-Бишкек автобус маршрути Қозоғистон ҳудудидан транзит орқали ўтади. Рейс автобуслари “Чалдовар” (Қозоғистон) ва “Супатай батыр” (Қирғизистон), “Жибек жолы” (Қозоғистон) ва “Ғишт кўприк” (Ўзбекистон) чегара постларидан ўтади.

Сурат манбаи: https://fergana.agency

Янгилик билан ўртоқлашиш: