123

Турк компанияси “Бахт” ва Тошкент денгизи кўлларини ободонлаштиришга ёрдам беради

Дата: 17:31, 16-01-2019.

Тошкент. 16 январ. ЎзТАГ – Рiramit mimarlık şehircilik ve mühendislik LTD. ŞTI турк компанияси Ўзбекистондаги “Бахт” ва Тошкент денгизи кўлларини ободонлаштиришга ёрдам беради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Хусусан, бу ҳақида Тошкент шаҳар ҳокимиятидаги бўлган учрашувда сўз борди.

“Учрашувда Бектемир туманидаги “Бахт” кўли ва Тошкент денгизи кўлларида зарур туристик инфраструктурани ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди. Компания вакиллари томонидан ушбу объектларнинг ягона комплекс иш режасини ишлаб чиқишга келишиб олинди”, - дейилади Тошкент шаҳар ҳокимияти матбуот хизматининг хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Рiramit mimarlık şehircilik ve mühendislik LTD. ŞTI компанияси 1962 йилда ташкил этилган. У Туркияда меҳмонхоналар тармоғи ва туристик инфраструктурани яратишда иштирок этган бўлиб, Касбий денгизи қирғоғида рекреацион зона лойиҳасининг муаллифи ҳисобланади.

“Бахт” кўли Тошкентнинг Бектемир туманидаги сунъий кўлдир. У Чирчиқ дарёси суви билан тўлади.

Тошкент денгизи (ёки Туябўғиз сув омбори) – Тошкент вилоятидаги гидротехник иншоот бўлиб, Оҳангарон дарёси ўрта оқимиаги сув омбори ҳисобланади.

Сурат манбаи: http://tashkentnews.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: