123

Ёз ойи ўрталарига келиб Ўзбекистон ва Тожикистон орасида олтита автобус маршрутлари йўлга қўйилади

Дата: 17:02, 20-06-2018.

Тошкент. 20 июн. ЎзТАГ – Ёз ойи ўрталарига келиб Ўзбекистон ва Тожикистон орасида олтита автобус маршрутлари йўлга қўйилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Asia-Plusга таянган ҳолда.

Нашрга Asian Express компанияси директори Султон Камоловнинг маълум қилишига кўра, ой давомида беш янги автобус йўналишлари ишга тушади: Душанбедан Денов ва Термиз шаҳарларига, Панжикентдан Самарқандга, Хўжанддан Қўқонга ва Истаравшандан Бекободга.

Бугунги кунда мамлакатлар ўртасида Хўжанд-Тошкент йўналиши ҳаракат қилмоқда. У шаҳарлар ўртасида ҳар куни қатнайди.

Камоловнинг сўзларига кўра, томонлар орасида қатнов тарифлари ва уларнинг ҳаракат жадвали келишиб олинган. У ушбу йўналишларнинг ишга туширилишининг кечикиши ўзбек томонининг бунга тайёр эмаслиги билан изоҳланишини таъкидлади. “Аммо ҳозир биз аллақачон келишиб олдик ва икки мамлакат ўртасида автобус йўналишларини очиш тўғрисида битим имзоладик, улар яқин орада – тахминан бир ой ичида ишга туширилади” - деди у.

Бошланғич ҳисоб-китобларга кўра, деб таъкидлади Камолов, Душанбедан Деновгача йўлкира ҳақи 25 сомонийни, Душанбедан Термизга 52 сомонийни, Панжикентдан Самарқандга 20 сомонийни ташкил этади.

Эслатиб ўтамизки, 2018 йил март ойи ўрталарида мамлакатлар ўртасидаги виза режими бекор қилинди, ва икки қўшни республикалар фуқаролари бир-бирининг уйларига 30 кун давомида визасиз ташриф буюришлари мумкин.

Сурат манбаи: http://kz.utro.news/today/1/2017/11/16/

Янгилик билан ўртоқлашиш: