123

Йил бошидан бери Ўзбекистон қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 6,4% кўпайтирди

Дата: 16:06, 21-10-2016.

Тошкент. 21 октябр. ЎзТАГ – 2016 йилнинг 9 ойи якунлари бўйича Ўзбекистон аграр тармоғида ялпи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг муқобил даври билан солиштирганда 6,4% кўпайди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ). 

“2016-йилнинг тўққиз ойида пахта майдонларини 30,5 минг гектарга қисқартириш ва бўшаган ерларга ички ҳамда ташқи бозорда талаб юқори бўлган мева-сабзавотлар экиш ҳисобидан экин майдонлари тузилмаси оптималлаштирилди”, - деб таъкидланади Иқтисодиёт вазирлиги хабарида. 

Хабар берилишича, бундан ташқари, 8,2 минг гектар майдонда янги интенсив боғлар, 5,2 минг гектарда токзорлар ташкил этилди. 6 минг гектар майдондаги боғлар ва 3,5 минг гектардаги токзор қайта тикланди. 532 гектар майдонда 9,9 мингта замонавий иссиқхона барпо этилди. 

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ерларининг унумдорлигини янада ошириш мақсадида 2013-2017-йилларда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш давлат дастурини амалга ошириш доирасида шу йилнинг тўққиз ойида узунлиги 734,6 километрлик коллектор, 229 километр ёпиқ коллектор-дренаж тармоқлари, 846 та қудуқ, 50 та гидротехник иншоот ва 7 насос станцияси барпо этилди ва реконструкция қилинди. 

Жумладан, 2,3 млн тонна картошка, 8,2 млн тонна сабзавот, 1,5 млн тонна полиз маҳсулотлари, 1,2 млн тоннадан ортиқ узум, 2 млн тонна мева ва резаворлар тайёрланди. 

2016-2020-йилларда мева-сабзавотларни сақлаш бўйича моддий-техник базани мустаҳкамлаш ва ривожлантириш чора-тадбирларини амалга ошириш доирасида “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмасининг ҳудудий компаниялари, фермер хўжаликлари ва бошқа корхоналар томонидан 64,6 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш учун 164 янги совутиш камераси ташкил этилди. 

Жорий йил бошидан буён чорвачилик сектори салоҳиятини янада ошириш мақсадида тижорат банкларининг қиймати 380 млрд сўмдан зиёд кредитлари ҳисобидан қорамол боқиш, паррандачилик, асаларичилик хўжаликларини ривожлантириш ва балиқ етиштиришни кўпайтириш бўйича 5,2 мингта лойиҳа амалга оширилди. 

Натижада шу йилнинг 1-октябр ҳолатига кўра, қорамоллар умумий сони 11,6 млн бошга (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан (3,4%) етди, тўққиз ой давомида 1,6 млн тонна гўшт (6,6%), 6,9 млн тонна сут (6,9%), 4,5 млрд донадан ортиқ тухум (10,8%) ва бошқа маҳсулотлар тайёрланди. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: