123

Ўзбекистон 2020 йилга бориб пахтани тўлиқ қайта ишлашга ўтишни режалаштирмоқда

Дата: 09:23, 13-09-2018.

Тошкент. 13 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон 2020 йилга бориб пахта толасини тўлиқ қайта ишлашга ўтишни режалаштирмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида 12 сентябрда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида давлат бюджетига тушумларни кўпайтириш бўйича амалга оширилаётган ишларни тўлиқ бажариш, 9 ой ва йил якуни бўйича белгиланган макроиқтисодий кўрсаткичларга эришиш, пахта-тўқимачилик соҳасида кластерларни жорий этишни жадаллаштириш масалаларига бағишланган йиғилишда гапирилди.

“Янги қувватларни ташкил этиш ва кластерлар фаолиятини йўлга қўйиш натижасида, 2019 йилда ишлаб чиқарилаётган пахта толасининг 78% ўзимизда қайта ишланади. Бу 2017 йилга нисбатан 2 маротаба кўп дегани. 2020 йилга бориб, пахта толасини тўлиқ қайта ишлашга ўтилади. Тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш улуши 40%дан камида 60%га етказилади”, - дейилади президент матбуот хизматининг хабарида.

Жорий йилда 20та туманда 164 минг гектар майдонда кластер усулида пахта етиштириш йўлга қўйилиб, бу тажриба дастлабки натижаларини бера бошлади. Ўзини оқлаётган бу тизимни янада кенгайтириш мақсадида келиб тушган таклифлар кўриб чиқилиб, ишлаб чиқариш қувватлари ва молиявий имконияти мавжуд бўлган 44 та ташаббускор танлаб олинди. 2019 йилда 61 та кластер томонидан жами пахта майдонларининг 51%да пахта етиштириш режалаштирилмоқда. 

Бундан ташқари, жорий йилда пахта-тўқимачилик кластерларига берилган барча имтиёзларни кейинги йилларда ташкил этиладиган кластерларга ҳам татбиқ этиш, кластерлар фаолиятини янада кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.

Сурат манбаи: из http://www.press-service.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: