123

Ўзбекистон энергетика тармоғида 1,9 млрд. сўмлик қоидабузарликлар аниқланди

Дата: 13:47, 22-08-2019.

Тошкент. 22 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон энергетика тармоғида 1,9 млрд сўмлик қоидабузарликлар аниқланди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Энергетика вазирлиги тасарруфидаги ташкилотларда ҳуқуқбузарликларни аниқлаш бўйича ишлар олиб бормоқда.

"Хусусан, 2019 йил 1 август ҳолатига кўра, энергетика соҳасидаги идоравий мансуб корхоналар ходимларига нисбатан прокуратура томонидан 25 та жиноий иш қўзғатилган, етказилган зарарнинг дастлабки миқдори 1,9 млрд сўмга баҳоланмоқда", - дейилади Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилганидек, Жиноят ишлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг "талон-тарож", "фирибгарлик", "электр, иссиқлик энергияси, газ, сув қувурларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш", "мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш", "қалбакилаштириш" ва бошқа қатор моддаларга асосан қўзғатилган.

Энергетика соҳасидаги корхоналарнинг айбдор шахсларига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш (3 киши), ахлоқ тузатиш ишлари (2), жарима (1) ва бошқа жазолар қўлланилади.

"Айни пайтда етказилган зарарнинг умумий суммасидан энергетика соҳасига қарашли корхоналар ҳисоб рақамига 116,3 млн сўм қайтарилди", - дейилади хабарда.

Шунингдек, Зирабулоқ магистрал газ тармоғи бошқармасининг 2 нафар ходимларига нисбатан қўзғатилган жиноят иш бўйича тергов ишлари олиб борилмоқда. Етказилган зарарнинг дастлабки миқдори 21,1 млн сўмни ташкил этади.

Сурат манбаи: t.me/minenergy_uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: