123

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги барча мактабларнинг махсус автобуслар билан таъминланиши ҳақидаги хабарларни радъ этди

Дата: 15:14, 07-11-2018.

Тошкент. 7 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги қатор интернет-ОАВнинг барча мактабларнинг махсус автобуслар билан таъминланиши ҳақидаги хабарларни радъ этди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Баъзи интернет нашрларида мамлакатимизнинг барча мактаблари 2019 йилнинг 1 январигача автобуслар билан таъминланиши ҳақидаги хабарлар чоп этилди. Шу муносабат билан Халқ таълими вазирлиги қуйидагиларни баён қилади: 2 ноябр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида халқ таълими тизимини янада ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. Йиғилишда 2019 йил 1 январгача жойлардаги мактаб филиалларини асосий мактабга айлантириш вазифаси қўйилди. Асосий мактаб ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўлмаган жойларда эса, ўқувчиларнинг асосий мактабга боришлари учун автобус хизматлари йўлга қўйилиши масаласини ўрганиб чиқиш кераклиги таъкидланди”, - дейилади муассаса матбуот хизматининг хабарида.

Қайд этамиз, деб таъкидланади хабарда, Халқ таълими вазирлиги тизимида 9,6 мингдан зиёд мактаблар фаолият юритади ва уларнинг барчасини икки ойда автобуслар билан таъминлаш имконияти мавжуд эмас. “Шунинг учун бу масала биринчи навбатда энг зарур бўлган узоқ жойлардаги мактаблар учун кўзда тутилади”, - деб аниқлантирилади хабарда.

Сурат манбаи: https://www.inform69.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: