123

Ўзбекистон Марказий банки қайта молиялаштириш ставкасини 16% даражасида қолдирди

Дата: 15:37, 28-01-2019.

Тошкент. 28 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон Марказий банки Бошқаруви қайта молиялаш ставкасини йиллик 16% даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

МБдан маълум қилишларича, мазкур қарор пул-кредит сиёсатининг инфляцияни жиловлашга қаратилган йўналишини сақлаб қолиш, реал фоиз ставкалари ижобийлигини таъминлаш ва инфляцион кутилмаларни пасайтириш мақсадларига асосланган.

2018 йил якунлари бўйича инфляция даражаси йиллик ҳисобда 14,3%ни ташкил этди. Бунда, 2018 йилнинг декабрь ойида нархларнинг ойлик ўсиши ўтган йилнинг мос даврига (4,1%) нисбатан пасайиб 2,1%ни ташкил этди. Шунингдек, 2018 йилнинг II–IV чораклари давомида чораклик инфляция даражасини 2017 йилнинг мос даврига нисбатан пасайиши кузатилди.

Марказий банк 2019 йил учун инфляциянинг базавий прогнозини 13,5-15,5% даражасида сақлаб қолди. Прогнозларга кўра йиллик инфляция даражаси февраль-март ойларида ўзининг энг юқори даражасига етганидан сўнг пасая бошлайди, бироқ июн ойида электр энергияси ва табиий газ тарифларининг навбатдаги оширилиши инфляция пасайиши суръатини секинлаштириши мумкин.

2019 йилда инфляция суръати тезлашишининг асосий хатарлари иқтисодиётда юқори инфляцион кутилмаларнинг сақланиб қолиши, ҚҚС бўйича янги тўлов механизмининг жорий этилиши ҳисобига алоҳида товар ва хизматлар нархларининг ўсиши, шунингдек энергия ресурслари нархлари оширилишининг иккиламчи таъсири кўламининг кенгайиш эҳтимолининг мавжудлиги билан боғлиқ.

Марказий банк Бошқарувининг қайта молиялаш ставкасини кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2019 йилнинг 20 апрелига режалаштирилган.

Сурат манбаи: https://regnum.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: