123

Ўзбекистон Украинадаги вазият бўйича баёнот берди

Дата: 21:11, 04-03-2014.

Тошкент. 4 март. ЎзТАГ. – Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги “Жаҳон” ахборот агентлиги Украинадаги вазият бўйича баёнот берди.
“Украинада рўй бераётган воқеалар вазиятнинг жиддий мураккаблашувига ҳамда ўзаро қарама-қаршиликка олиб келгани баробарида улар тангликнинг янада кучайишини, олдиндан айтиш мушкул бўлган оқибатларни келтириб чиқариши, мамлакат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига жиддий хавф солиши эҳтимоли мавжудки, бундай ҳолат Ўзбекистонда чуқур хавотир ва ташвиш уйғотмаслиги мумкин эмас”, дейилади агентлик хабарида.
“Жаҳон” агентлигининг қайд этишича, Ўзбекистон Украинада юзага келган вазиятнинг бартараф этилишини энг аввало, куч ишлатишлар қўлланилишидан воз кечилган ҳолда, вужудга келган муаммолар тинч йўл билан, сиёсий воситалар ва саъй-ҳаракатлардан фойдаланилган тарзда, халқаро ҳуқуқнинг асосий меъёрларига ҳамда БМТ Низомига асосланган ҳолда музокаралар йўли билан ҳал этилишида кўради. Ўзбекистон Украинадаги низоли жараёнда иштирок этаётган томонлар ўртасида тез фурсат ичида ўзаро келишувга эришилиши учун юксак даражадаги вазминлик ва мулоҳазакорлик намоён қилишларига умид билдиради.

Янгилик билан ўртоқлашиш: