123

Ўзбекистон ва Япония қатор қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олдилар

Дата: 14:31, 01-11-2018.

Тошкент. 1 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Япония бир қатор қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзаро ҳамкорлик тўғрисида келишувларга 25 октябр куни Токиода бўлиб ўтган Ўзбекистон-Япония ва Япония-Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик қўмитасининг 14-йиғилишида эришилди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Давлат инвестиция қўмитаси томонидан Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси кўмагида ташкил этилди.

“Учрашув якунлари бўйича “Мицубиси Корпорейшн”, “Атомикс” ва “ЖАЙКА” агентлиги билан биргаликда электроэнергетика, нефть-кимё ва енгил саноат соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳужжатлар имзоланди”, - дейилади Давлат инвестиция қўмитаси матбуот хизматининг хабарида.

Қайд этилишича, йиғилишда 52та етакчи компаниялар, жумладан, “Мицубиси”, “Марубени”, “Сумитомо”, “Иточу”, “Тойота”, “Кавасаки”, “Сожитцу Корпорейшн” “Мицуи”, “Ниссан”, “Хитачи” компанияларининг 180 нафардан зиёд вакиллари иштирок этдилар.

Шунингдек, Япония халқаро ҳамкорлик банки (JBIC) билан телекоммуникация соҳасида лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.

Бундан ташқари Сумитомо Митцуи банки ва ТИФМБ ўртасида иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишув имзоланди.

Шундан кейин маълум қилинишича, томонлар ўзаро алоқаларни фаоллаштириш ва икки мамлакат ишбилармонлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишга кўмаклашишга келишиб олдилар.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил январ-сентябр ойлари давомида Япония ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айланмаси $300 млндан зиёдни ташкил этди. Ўзбекистонда Япония сармояси иштирокида 17 корхона фаолият юритмоқда, шу жумладан, 7 ширкат 100% япон сармоясига ташкил этилган. Япония корхоналари фаолият юритадиган асосий йўналишлар нефть ва газ, нефть-кимё ва кимё саноати, энергетика ускуналари, машинасозлик ва машинатехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш, транспорт ва логистика хизматларини кўрсатиш, савдо операциялари, туризм ва бошқа соҳалардир.

Сурат манбаи: https://www.uzreport.news

Янгилик билан ўртоқлашиш: