123

Ўзбекистонда хорижий валютанинг ноқонуний айланмаси учун жарималарни ошириш режалаштирилмоқда

Дата: 14:28, 23-11-2018.

Тошкент. 23 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда хорижий валютанинг ноқонуний айланмаси учун жарималарни ошириш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

22 ноябр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар, улардар бири Жиноят кодексининг 177-моддаси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 170-моддасига ўзгартишлар киритишни кўзда тутади.

Қайд этилишича, чет эл валютасини айирбошлаш эркинлаштирилгандан буён соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга қарамай, хорижий валютанинг қонуний муомаласи билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар кескин ошиб бормоқда. Масалан, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент органлари томонидан ўтказилган таҳлиллар бу тоифадаги жиноятчиликнинг кескин ўсиш ҳолатларини кўрсатмоқда: биргина жорий йилнинг 9 ойида 2069 та (2017 йил шу даврида – 1656) шундай ҳуқуқбузарликлар аниқланган.

“Шуни инобатга олган ҳолда тайёрланган қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 170-моддаси, Жиноят кодекси 177-моддасининг санкциясига ўзгартиш киритиш орқали валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш учун жазо чораларини белгилаш ҳамда жарималар миқдорини ошириш кўзда тутилмоқда”, - дейилади Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизматининг хабарида.

Депутатларнинг фикрича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши бу тоифадаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини кучайтиришга, аҳоли томонидан чет эл валюталарини айирбошлаш шохобчалари орқали харид қилиш даражасини оширишга, иқтисодиётда хуфиёна секторнинг даражасини камайтиришга ва чет эл валютасининг назоратсиз чиқиб кетиш йўлларини бартараф этишга ёрдам беради.

Шунингдек, мажлисда парламент қуйи палатаси ваколатларига кирадиган бошқа масалалар ҳам муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Сурат манбаи: https://uznews.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: