123

Ўзбекистонда ойналарни қорайтириш пулли бўлади

Дата: 16:48, 02-07-2018.

Тошкент. 2 июл. ЎзТАГ – Қонун ҳужжатларини муҳокама қилиш порталида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тонировка қилинган (қорайтирилган) ойнали транспорт воситалари эксплуатациясини тартибга солишга доир чора-тадбирлар тўғрисидаги қарор лойиҳаси” жойлаштирилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ҳужжатга мувофиқ, тонировкага пулли асосда рухсат берилиши мумкин.

“Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2018 йил 1 июлидан тўлов асосида жисмоний ва юридик шахсларнинг қорайтирилган ойнали енгил транспорт воситалари эксплуатациясига доир таклифи маъқуллансин”, - дейилади ҳужжатда.

Шу билан бирга, “енгил танспорт воситалари орқа ойнасининг ёруғлик ўтказувчанлиги 5 фоиздан кам бўлмаган ва ён томонларидаги ойналарнинг ёруғлик ўтказувчанлиги эса 30 фоиздан кам бўлмаган тонировкасини ўрнатиш ИИВ қошидаги “Инновацион лойиҳалар ва аҳолига хизмат кўрсатиш маркази” томонидан давлат стандартига кўра ишлаб чиқилган ва тасдиқланган тартибда Давлат стандарти Йўл ҳаракат хавфсизлиги давлат хизмати бўлимлари томонидан 1 йил муддатга бериладиган рухсатномага асосан амалга оширилади”.

Ва “енгил транспорт воситалари олд ойнасининг юқори қисмида кенглиги 14 сантиметрдан ошмаган 30 фоиздан кам ёруғлик ўтказувчи линияни ўрнатиш учун рухсат талаб этилмайди”.  

Қарор лойиҳасига мувофиқ, тонировкани ўрнатишга рухсат олиш учун тўловлар ставкаси жисмоний шахслар учун – энг кам иш ҳақининг 90 баравари, юридик шахслар учун эса энг кам иш ҳақининг 120 бараварини, хорижий мамлакатларнинг юридик шахслари учун энг кам иш ҳақи 140 бараварини ташкил қилади.

Ҳужжат лойиҳаси билан хорижий давлатларнинг ойнаси қорайтирилган транспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириши ва унинг ҳудуди бўйлаб транзити учун $15 миқдорида йиғим ундириш кўзда тутилган. Ушбу мабларлар давлат бюджетига ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш учун йўналтирилади.

Сурат манбаи: http://protoday.uz/uz/42139006

Янгилик билан ўртоқлашиш: