123

Ўзбекистонда ЙҲҚ бузилганлиги ҳақида хабар қилган ҳайдовчилар рағбатлантирилади

Дата: 17:34, 25-05-2018.

Тошкент. 25 май. ЎзТАГ – Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларининг (ЙҲҚ) бузилганлиги ҳақида хабар қилган ҳайдовчилар рағбатлантириш тизимини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Адлия вазирлигининг телеграмм-каналига таянган ҳолда.

Бу Вазирлар Маҳкамасининг 19 майдаги 2018-2022 йиллар учун Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқлаш тўғрисидаги қарорида назарда тутилган.

Ҳужжатга мувофиқ, уч ой муддатда видеорегистраторлардан содир этилган қоидабузарликлар ҳақидаги видеоёзувларни оператив тўплашнинг марказлаштирилган тизимини жорий этиш бўича таклифлар киритиш режалаштирилмоқда. Бунда ҳодиса ҳақида хабар қилган шахснинг кимлиги сир сақланади, унинг ўзи эса рағбатлантирилади.

Бундан ташқари, 2018 йил сентябрга қадар жамоат транспорти ва енгил автомобилларда видеорегистраторлар мажбурий ўрнатилиши ҳам кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, 2019 йил февралга қадар ҳайдовчилар учун 12 балли тизимни (бу баллар ҳар бир қоидабузарлик учун камайиб боради) ишлаб чиқишга доир ҳужжатни тайёрлаш режалаштирилмоқда.  

Шу билан бирга, ЙҲҚ енгил ва юк автомобиллари кундузи ҳаракат пайтида яқинни ёритувчи чироқларни мажбурий равишда ёқиб юриши ҳақидаги талаб билан тўлдирилмоқда.  

Сурат манбаи: http://www.odintsovo.info/news/?id=54329

Янгилик билан ўртоқлашиш: