123

Ўзбекистонда жиноятчилик 35,7% пасайди – ИИВ

Дата: 16:38, 03-12-2018.

Тошкент. 3 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигида (ИИВ) мамлакатда жиноятчилик 35,7% пасайгани ҳақида баён қилишди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Маълумотлар ИИВ томонидан ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида очиқланди. Тадбирда вазирликнинг бош бошқарма, бошқарма бошлиқлари ва масъул ходимлари ҳамда маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари иштирок этдилар.  

“2018 йилнинг 10 ойида республикада жами 38 минг 445 та жиноят рўйхатга олинган бўлиб, аввалги йилга (2017) нисбатан 21 минг 355 тага ёки 35,7 фоизга камайди”, - дейилади ЎзР. ИИВ матбуот хизматининг хабарида.

Бундан ташқари, ички ишлар бўлимларидан олисда жойлашган аҳоли пунктларида қўшимча 175 та ички ишлар бўлинмалари ва 824 та таянч пунктлари ташкил этилди. Профилактика инспекторлари сони 1102 нафарга оширилди, вазирлик ҳузурида Тергов департаменти, жойларда эса суриштирувчилар шакллантирилди.

Шунингдек, ўтган даврда республикадаги мавжуд 9015 та маҳаллаларнинг 2789 тасида умуман жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.

Қайд этилишича, фуқаролиги бўлмаган 1562 нафар шахс Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинди.

“Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан 2018 йилнинг 10 ойида 3 млн 124 минг 266 та қоидабузарлик ҳолатлари аниқланиб, тегишли чоралар кўрилди”, - дейилади хабарда.   

Шундан кейин қайд этилишича, Қўриқлаш бош бошқармаси томонидан 28 минг 767 та халқ хўжалиги объектлари ва 24 минг 726 та хонадон қўриқланмоқда. Қўриқлаш хизмати томонидан савдо шаҳобчалари, бозорлар, умумий овқатланиш тармоқлари, мактаблар, ўрта-махсус ўқув юртлари, маданият ва истироҳат боғларида видеокузатув мосламалари ўрнатилиши натижасида, тегишли хизматлар билан ҳамкорликда 1424 та жиноятнинг олди олинди.

 

Сурат манбаи: http://1ul.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: