123

Ўзбекистоннинг соф олтин-валюта заҳиралари $27,025 млрдни ташкил этади

Дата: 13:36, 12-06-2018.

Тошкент. 12 июн. ЎзТАГ – 2018 йилнинг 1 июн ҳолатига Ўзбекистоннинг соф олтин-валюта заҳиралари $27 млрд 25 млнни ташкил этади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ҳисобот даврига келиб мамлакатнинг ялпи олтин-валюта заҳиралари $28 млрд 123,6 млнга тенг бўлди. Улар орасида валюта активлари $14 млрд 4 млн ва монетар олтин – $14 млрд 118 млнни ташкил этди.

Бу ҳақида Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки матбуот хизмати хабар бермоқда.

“Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, Марказий банкнинг асосий вазифаларидан бири сифатида республика олтин-валюта заҳираларини сақлаш ва бошқариш белгиланган.

Олтин-валюта заҳираларини ҳисоблаш методикаси Халқаро валюта жамғармасининг стандартлари асосида юритилади. Олтин-валюта заҳираларининг таркиби хорижий валюта активлари ва қуйма шаклидаги монетар олтиндан иборат.

Олтин-валюта заҳираларини самарали бошқариш мақсадида Марказий банк томонидан заҳираларнинг ялпи ва соф қийматлари ҳисоби юритилади.

Соф олтин-валюта заҳиралари тижорат банклари ва давлат бошқаруви органларининг (Молия вазирлиги, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси бундан мустасно) Марказий банкда очилган ҳисоб варақларидаги валюта маблағларини, яъни Марказий банкнинг ушбу ташкилотлар олдидаги мажбуриятларини ҳисобга олмайди.

$1=7909,37 сўм

Сурат манбаи: https://ria.ru/radio_brief/20150907/1235381803.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: