123

ЖБ Ўзбекистонда $4,5 млрдлик 40 лойиҳани амалга оширмоқда

Дата: 14:38, 28-02-2019.

Тошкент. 28 феврал. ЎзТАГ – Жаҳон банки (ЖБ) Ўзбекистонда қиймати $4,5 млрдлик 40 лойиҳаларни амалга оширмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Сирил Мюллер бошчилигидаги делегация билан 27 февралдаги учрашувида сўз борди.

“Бугунги кунда ҳамкорлик портфелини банкнинг $4,5 млрдлик имтиёзли молиявий ресурсларини жалб этган ҳолда амалга оширилган ва амалга оширилаётган 40 га яқин лойиҳа ташкил этади”, - дейилади давлат раҳбари матбуот хизматининг хабарида.

Улар, деб давом этилади хабарда, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, энергетика, транспорт, шаҳар ва коммунал инфратузилмани модернизация қилиш, илғор ва энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш, қишлоқ хўжалигини интенсив ривожлантириш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш каби кўплаб муҳим соҳа ва йўналишларни қамраб олган.

“2020 йилгача мўлжалланган узоқ муддатли Шериклик дастури доирасида ўтган йили банкнинг Директорлар кенгаши томонидан қиймати $1,4 млрддан зиёд бўлган янги лойиҳалар маъқулланди”, - дейилади хабарда.

Бундан ташқари, Жаҳон банкининг етакчи экспертлари солиқ тизими ва фуқаролик авиацияси тармоғини ислоҳ этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда фаол иштирок этди.

Банк-молия соҳасини ривожлантириш, тадбиркорлик ва иқтисодиётнинг реал секторини қўллаб-қувватлаш, давлат корхоналари ва агросаноат комплексини ислоҳ этиш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишга давлат-хусусий шериклик механизмини жорий этиш ва бошқа йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш муҳим экани алоҳида таъкидланди.

Иқтисодий кенгаш доирасида узоқ муддатли ҳамкорлик дастурини биргаликда ишлаб чиқиш юзасидан келишувга эришилгани қайд этилди.

Жаҳон банки вице-президенти Ўзбекистоннинг қимматли қоғозлари халқаро фонд бозорларида муваффақиятли жойлаштирилгани, суверен рейтинглар олингани ҳамда мамлакатимизнинг халқаро рейтинги ошгани янги босқичда амалга оширилаётган кенг миқёсли иқтисодий ислоҳотларнинг дунёдаги эътирофи эканини алоҳида таъкидлади.

Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: