1 ноябрдан Ўзбекистонда иш ҳақи, пенсия ва нафақалар 10% ошади

Дата: 14:07, 15-10-2018.

Тошкент. 15 октябр. ЎзТАГ – 2018 йил 1 ноябрдан Ўзбекистонда иш ҳақи, пенсия ва нафақалар 10% ошади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевнинг “”Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги фармонида сўз юритилган.  

Ҳужжат аҳоли даромадлари ва турмуш даражасини ошириш, аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини давлат томонидан қўллаб-қувватланишини кучайтириш, шунингдек, меҳнатига кам ҳақ тўланадиган ходимлар иш ҳақи миқдорини жадал равишда оширишни таъминлаш мақсадида қабул қилинган.

Унга мувофиқ, 1 ноябрдан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори 1,1 баравар оширилади.

Хусусан, 1 ноябрдан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида энг кам иш ҳақи ойига 202730 сўм (ҳозир – 184300 сўм), ёшга доир пенсиялар — ойига 396 500 сўм (360460 сўм), болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа — ойига 396500 сўм, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа ойига 243300 сўм (221190 сўм) миқдорида белгиланди.

Хўжалик ҳисобидаги корхона ва ташкилотларга иш ҳақининг қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган ҳолда тўлашни таъминлаб, иш ҳақи миқдорларини энг кам иш ҳақига мувофиқ ошириш тавсия этилди.

Бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар ва стипендияларнинг оширилиши билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Сурат манбаи: ru.sputniknews-uz.com

Янгилик билан ўртоқлашиш: