2018 йилда Ўзбекистон дорилар харид қилишга 915 млрд сўм атрофида сарфлайди

Дата: 08:48, 20-07-2018.

Тошкент. 20 июл. ЎзТАГ – 2018 йилда Ўзбекистон дорилар харид қилишга 915 млрд сўм атрофида сарфлайди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Хусусан, бу ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан “Аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон билан таъминлаш тиббиёт соҳасида ўтказилаётган ислоҳотларнинг бош мақсадларидан бири” мавзусида ташкил этилган матбуот анжуманида сўз борди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, давлат тиббиёт ташкилотларига дори воситалари ва тиббий буюмлар сотиб олиш учун 2018 йилда 914,6 млрд. сўм, яъни 2017 йилга нисбатан 2,5 баробар кўп маблағ йўналтирилди.

Таъкидланишича, ҳозирда Ўзбекистонда 152 та фармацевтика корхонаси фаолият юритяпти. Улар томонидан ишлаб чиқарилаётган 2500 номга яқин дори-дармон тиббиётимиз амалиётида кенг қўлланилаяпти. Республикада чет эллик инвесторларга яратиб берилаётган қулай шарт-шароитлар сабабли, йилдан-йилга хорижий инвесторлар томонидан Ўзбекистон фармацевтика саноатига киритилаётган тўғридан-тўғри инвестициялар улуши ортмоқда. Ҳозирги кунда хорижий инвестициялар иштирокида умумий қиймати $123,9 млнга тенг 9 та инвестицион лойиҳа амалга оширилмоқда. Шундан $87,32 млни тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларидир. Ушбу инвестициялар, асосан, Хитой, Ҳиндистон, Германия, Буюк Британия ва Туркиялик инвесторлар томонидан киритилмоқда.

$1=7787,81 сўм

Сурат манбаи: https://centre1.com/uzbekistan/v-uzbekistane-apteki-mstyat-za-podeshevevshie-lekarstva/

Янгилик билан ўртоқлашиш: