2018 йилда Ўзбекистонда туғилиш коэффициенти ўсди

Дата: 15:59, 15-10-2018.

Тошкент. 15 октябр. ЎзТАГ – 2018 йил январ-сентябрда Ўзбекистонда туғилиш коэффициенти 2017 йилнинг муқобил даври билан солиштирганда (21,7 промилле) 0,8 промиллега ўсди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“2018 йилнинг январ-сентябр ойларида 553,4 мингта бола туғилганлиги қайд этилган бўлиб, мос равишда 1000 аҳолига нисбатан туғилиш коэффициенти 22,5 промиллени ташкил этди ҳамда 2017 йилнинг мос даврига нисбатан 0,8 промиллега ошгани (2017 йилнинг январ-сентябр ойларида 21,7 промилле) кузатилди”, - дейилади Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси хабарида.

Шу билан бирга, январ-сентябрда туғилган ўғил болалар 289,3 минг нафарни, қиз болалар 264,1 минг нафарни ташкил этди.

Ҳисобот даврида энг кўп туғилганлар Самарқанд вилоятида - 71,9 минг киши (туғилиш коэффициенти 25,7), Қашқадарё вилоятида – 59,3 минг (25,0) ва Фарғона вилоятида – 58,7 минг (21,5) қайд этилди.

Шундан кейин Андижон вилояти (бу ерда 51,4 минг киши туғилган, туғилиш коэффициенти 22,6), Сурхандарё вилояти (49,2 минг, 26,0), Наманган вилояти (47,7 минг, 23,5), Тошкент вилояти (43,1 минг, 20,1), Тошкент (34,0 минг, 18,3), Бухоро вилояти (28,8 минг, 20,5), Қорақалпоғистон (28,3 минг, 20,4), Хоразм вилояти (27,0 минг, 19,9), Жиззах вилояти (24,8 минг, 24,8), Навоий вилояти (15,9 минг, 22,1), Сирдарё вилояти (13,3 минг, 21,6) бормоқда.

Сурат манбаи: http://24.kz

Янгилик билан ўртоқлашиш: