Адлия вазирлиги Ўзбекистон ОТМ рейтингини нохолис деб атади

Дата: 16:59, 25-09-2018.

Тошкент. 25 сентябр. ЎзТАГ – Адлия вазирлиги Ўзбекистоннинг 57 олий таълим муасасалари (ОТМ) рейтингини нохолис деб атади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Вазирликдан маълум қилишларича, рейтинг кўрсаткичлари ва натижалари ижтимоий тармоқларда ҳам турли қарама-қаршиликларга сабаб бўлди. Шундан келиб чиқиб, Адлия вазирлиги томонидан олий таълим муассасалари рейтингини белгилаш жараёни ўрганилди.

“Давлат органлари томонидан олий ўқув юртларининг расмий рейтингини белгилаш бўйича тегишли норматив-ҳуқуқий базанинг йўқлиги бу борадаги жиддий
нуқсонлардан бири бўлди. (…) Мазкур ҳужжат Адлия вазирлигида ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказилмаган. Шу боис, у юридик кучга эга эмас ва ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатларга олиб келмайди”, - дейилади Адлия вазирлиги хабарида.

Натижада ҳужжат кўрсатгичлар бўйича рейтинг натижаларини тузишда ноаниқлик ва ошкорасизлик бўлган.

Вазирлик томонидан алоҳида кўрсатгичлар, хусусан олий таълим муассасаларида дарс берадиган хорижий ўқитувчилар ҳақидаги индикаторлар ҳақиқатга тўғри келмаслиги қайд этиб ўтилган. Айрим олий ўқув юртлари бир семестр ёки йил бўйи дарс берадиган бир қанча педагогларни таништирган бир пайтда, асосан “Бир кунлик”, “бир ҳафталик” хорижий мутахассислар ҳисобга олинган.

Шунингдек, олий ўқув юртлари рейтингини белгилашда уларнинг миқёси, таълим йўналишлари, иқтисодий ва кадрлар салоҳияти, фаолиятининг ўзига хос хусусиятидан келиб чиққан кўрсатгичлар бўйича дифференциал ёндашув қўлланилмаган.

“Айни пайтда, рейтинг тузувчилар диққат-эътиборини фоиз кўрсатгичларига эмас, сон кўрсатгичларига (илмий даражага эга шахслар сони, ҳимоя қилинган диссертациялар сони, хорижий ўқитувчилар сони, хорижий олий ўқув юртларида таълим берадиган педагоглар сони, чоп этилган мақолалар сони, хорижий талабалар сони, илмий-тадқиқот фаолиятидан олинган маблағлар миқдори) қаратган. Бу ўз-ўзидан, кўп сонли факультетлар, педагоглар ва талабаларга эга бўлган олий ўқув юртларига устунлик берган”, - дейилади хабарда.

Шундан кейин вазирлик барча олий таълим даргоҳлари ҳам рейтинг расман нашр этилгунича ўтказилган тадқиқот ва рейтинг натижалари ҳақида хабардор бўлмаганини таъкидлаб ўтган.

Бу, ўз навбатида, тадқиқотнинг айрим жиҳатларини кўриб чиқиш ва аниқлаш имконсизлигига сабаб бўлди. Бундай ёндашув умумқабул қилинган халқаро стандартлар ва тамойилларга, хусусан, Рейтинг бўйича халқаро эксперт гуруҳи (International Ranking Expert Group, IREG) томонидан тасдиқланган Олий ўқув юртлари рейтингини белгилаш бўйича Берлин принципларига тўғри келмайди.

“Юқорида санаб ўтилган ҳолатлар олий таълим муассасалари рейтинг натижаларида ҳам ўз аксини топган. Адлия вазирлигининг тақдимномасига асосан, қўшма қарор ижродан қайтарилди”, - деб хулоса қилинади хабарга.

Эслатиб ўтамиз, яқинда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан республикамиздаги 57та олий таълим муассасалари рейтинги нашр этилган эди. 

Сурат манбаи: из http://uz.utro.news

Янгилик билан ўртоқлашиш: