Баҳорда Германия президенти Ўзбекистонга ташриф буюради

Дата: 10:12, 22-01-2019.

Тошкент. 22 январ. ЎзТАГ – Баҳорда Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер Ўзбекистонга ташриф буюради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбек етакчиси матбуот хизматининг маълумотига кўра, Ўзбекистон ва Германия президентларининг учрашуви Берлиндаги (Германия) Бельвю саройида бўлиб ўтди. 

Қайд этилишича, учрашувда мамлакатлар ўртасидаги сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли соҳалардаги алоқаларни икки ва кўп томонлама асосда ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.  

Томонлар бундан буён ҳам БМТ, ЕХҲТ каби нуфузли халқаро тузилмалар доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлашда давом этажагини билдирди. Президентлар Германия ташаббуси билан ишлаб чиқилаётган, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янги стратегияси асосида муносабатларни мустаҳкамлаш муҳимлигини қайд этди.  

Ш. Мирзиёев “Марказий Осиё + Германия” форматида мулоқотларни йўлга қўйиш таклифини илгари сурди.

Ўзбекистон иқтисодиёти тубдан модернизация қилинаётган ҳозирги жараёнда Германиянинг илғор тажрибаси ва технологияларини жалб этиш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди. Маданий-гуманитар соҳалардаги алоқалар ҳам муҳокама қилинди. Мактаб таълимида самарали немис технологияларидан фойдаланиш, жумладан, “Мактаблар: келажак шериклари” (PASCH) ташаббусини амалга ошириш, Ўзбекистонда Германиянинг етакчи олий таълим муассасалари филиалларини очиш, икки халқ ўртасида маданий алоқаларни кенгайтириш истиқболлари эътибор марказида бўлди.  

“Учрашув сўнгида Шавкат Мирзиёев Франк-Вальтер Штайнмайерни Ўзбекистонга жавоб ташрифи билан боришга таклиф этди. Федерал Президент мамлакатимизга шу йил май ойида боришга тайёр эканини билдирди”, - деб хулоса қилинади хабарга.

Эслатиб ўтамиз, 20-22 январ кунлари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Германияда расмий ташриф билан бўлиб турибди.

Сурат манбаи: https://president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: