Бир ҳафта давомида “Тошкент” РФБ савдолари ҳажми қарийб 6 баробарга кўпайди

Дата: 17:31, 18-12-2018.

Тошкент. 18 декабр. ЎзТАГ – 10-14 декабр орасида “Тошкент” Республика фонд биржаси РФБ савдолар ҳажми бир ҳафта олдингига солиштирганда (6,1 млрд сўм) қарийб 6 баробарга кўпайди ва 35,4 млрд сўмни ташкил қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Тошкент” РФБнинг маълумот беришича, 26 акционерлик жамиятларининг акциялари билан жами 241 та битим имзоланди. Натижада 1,5 млрд оддий акциялар ва 1,2 млн дона имтиёзли акциялар сотилди.

Бир битимнинг ўртача ҳажми 147 млн сўмни, савдо куни давомида битимларнинг ўртача ҳажми 7,1 млрд сўмни ташкил этди. Бир акциянинг ўртача сотув баҳоси кўрсаткичи 23,7 сўмни, қимматли қоғозларнинг ўртача кунлик сони эса 299 млн донани ташкил этди.

Инвесторларнинг тоифалари бўйича жисмоний шахслар орасида энг кўп фаоллик кузатилди: тузилган битимлар суммаси бўйича – 54,2% (19,2 млрд сўм), тузилган битимларнинг сони бўйича – 69,7% (168 та).

Бир ҳафта мобайнида республиканинг 6 та ҳудуди корхоналари акциялари билан олди-сотди битимлари тузилди. Битимларнинг энг катта ҳажми Тошкент шаҳри – 54,2%, Андижон – 25,0% ва Фарғона вилояти – 19,6% корхоналари ҳиссасига тўғри келди. Битимлар сони бўйича инвесторлар томонидан 50,6% битимлар Навоий вилоятида жойлашган корхоналар акциялари бўйича амалга оширилди.

Эслатиб ўтамиз, йил бошидан буён “Тошкент"” РФБда акциялар ва корпоратив облигациялар бўйича умумий қиймати 655,1 млрд сўмлик 10955 та битим имзоланди. Савдоларда 116 та эмитентнинг 10,0 млрд сўмлик қимматли қоғозлари иштирок этди.

 

Сурат манбаи: https://www.uzdaily.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: