Энди 60 ёшдан ошган ўзбекистонликлар ипотека кредитини ололмайдилар

Дата: 10:37, 20-09-2019.

Тошкент. 20 сентябрь. ЎзТАГ – Энди 60 ёшдан ошган ўзбекистонликлар ипотека кредитини ололмайдилар, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Адлия вазирлигининг маълумотларига кўра, ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди (№784, 18.09.2019 й.).

"Энди ипотека кредити 18 ёшга тўлган ва 60 ёшга тўлмаган Ўзбекистон фуқароларига берилади (бундай кредит олиш учун ҳозирги кунгача юқори ёш чегараси йўқ эди)", - дейилади хабарда.

Шунингдек, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар ва арзон уй-жойлар қуриш учун ипотека кредитлари энди икки йиллик (2020 йил 1 январдан бошлаб бир йиллик) имтиёзли давр билан 20 йил муддатга берилади (бугунги кунда 6 ойлик имтиёзли давр билан 15 йил муддатга берилади).

0,02 гектар ер участкаларида жойлаштириладиган бир қаватли 3 хонали арзон уй-жойлар ва тўрт қаватли кўпхонадонли (2 ва 3 хонали) уйлар ҳам арзон уй-жойлар ҳисобланади.

Бундан ташқари, ипотека кредити ҳажми арзон уй-жой қурилишининг тахмин қилинган қийматининг 90% дан ошмайдиган миқдорда белгиланади.

Сурат манбаи: sc-os.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: