Евро-2016: Гарет Бэйл ва Фернанду Сантуш Уэльс ва Португалия ўйинини “Реал” ўйинчилари қарама қаршилигига айлантирмасликни таклиф қилди
Тошкент. 4 июл. ЎзТАГ – Тўлқин Ташимов. Валлийликлар хужумчиси Гарет Бэйл ва Португалия термасининг бош тренери Фернанду Сантуш бўлажак яримфинал учрашувини “Реал” ўйинчилари қарама қаршилигига айлантирмасликни таклиф қилишди.
Катта ҳисобда Евро-2016даги 6 июл тошкент вақти билан соат 00.00да Лионда бўлиб ўтадиган Уэльс-Португалия ўйини атрофида турли қарашлар авжида. Ишқибозларнинг бир қисми Португалиянинг мағлубиятга учрашини истамоқда. Чунки ушбу жамоа ҳали рақибларини бир маротаба ҳам енгмаган ва турнирда ҳаммадан кўп дуранг ўйнаган. Ишқибозларнинг бошқа бир қисми фақатгина финалда Криштиану Роналду бўлиши учун Уэльсга мағлубият тиламоқда.
Масалан, Уэльс хужумчиси Гарет Бэйл Евро-2016 яримфиналини сийқалаштирмасликка чақирди. “Яримфиналда Роналду билан қарама-қарши келишдан нима кутаяпман? - деб берган саволига ўзи: - “Бу Роналду-Бэйл ўйини эмас, балки Уэльс-Португалия учрашуви бўлади”, - деб жавоб берди.
Португалия термасининг бош тренери Фернанду Сантуш эса “Криштиану Роналду – ўз ҳамкорлари учун намуна ва капитандир”, - деб таъкидлади. “У ажойиб ишни бажармоқда ва ғалаба қилишни истайди”. Биз кучли жамоа билан учрашамиз, лекин Криштиану Роналду ва Гарет Бэйл ўртасидаги қарама қаршилик Португалия-Уэльс ўйини тақдирини ҳал қилмайди”, - деб Бэйлнинг фикрига қўшилди португалиялик мутахассис.
Тўғриси, юқоридаги муҳим ўйин олдидан кўплаб прогнозлар қилинмоқда.
Статистикага кўра, Португалия ва Уэльс ўзаро уч ўртоқлик ўйини ўтказганлар, бундан икки мартасида португаллар устунлик қилишган, бир марта валлийликлар ғалаба қозонишган. Айнан шу омил яримфинал тақдирига таъсир қилмайди. Биринчидан, ўша ўйинларда қисман бошқа футболчилар ўйнашган, иккинчидан, мураббийлар олдида бошқа вазифалар турган, учинчидан, Евро яримфинали ва ўртоқлик ўйинлари бутунлай бошқа бошқа нарса.
Букмекерлар ҳам жим туришгани йўқ. Айнан уларнинг фикрига кўра, айнан португаллар ушбу ўйинда юқори имкониятларга эга. bwin букмекерлик идораси Португалия ғалабасига 2,15 коэффициенти билан ставкалар қабул қилмоқда. Уэльснинг ғалабаси 4,1га баҳоланмоқда. Дуранг эҳтимоли 3,1га баҳоланмоқда.
Хўш, нима қилибди?
Аслида, ҳеч нима! Бу ҳолатда жамоалар ҳал қилувчи кеча олдидан қилган йўқотишлари муҳимроқ. Валлийликларда Рэмси ва Дэйвис ўйинни ўтказиб юборади. Агар иккинчи ўйинчининг муқобилини топиш мумкин бўлса, биринчиси ўрнини, фикри ожизимча, тўлдириш мумкин эмас.
Демак, Уэльс бош тренери Крис Коулман ўйин схемасини сезиларли даражада ўзгартириш ва хужумкор ўйинда бошқа акцентлар қилиши зарур бўлади. Қийинми? 100% қийин! Бунинг уддасидан чиқиш мумкинми? Кўрамиз.
Ўз навбатида, Португалия Виллиам Карвальюни йўқотди. Бу муҳим ўйинчи, лекин Роналду, Нани ёки Евро кашфиёти Санчеш даражасида эмас.
Бир фикрни ўртага ташлайман: ғалабани аслида жамоа қилади. Айнан ғалабани кўпроқ истаган жамоа эмас, балки майдонда бунинг учун кўп нарса қилган жамоа. Энг асосийси – голли вазиятларда совуққонликни сақлаб қолиш.
Евро-2016 финали ўртада турган бундай ҳаяжонли ўйинда икки жамоа ҳиссасига битта 100%лик голли вазият юзага келиши мумкин.
Эслатиб ўтамизки, Евро-2016нинг чоракфинал ўйинларидан сўнг яримфинал ўйинлари иштирокчилари номлари маълум бўлди: 6 июлда Лионда Португалия ва Уэльс термалари, 7 июлда Марсел шаҳрида Германия ва Франция термалари майдонга тушадилар. Учинчи ўрин учун ўйин эса умуман ўтказилмайди.
Чемпионатнинг финал ўйини 11 июлда “Стад де Франс” стадионида бўлиб ўтади.