Германия ва Буюк Британия Ўзбекистонда бўлишни хавфли деб ҳисоблайди

Дата: 15:36, 21-01-2019.

Тошкент. 21 январ. ЎзТАГ – Германия ва Буюк Британия Ўзбекистонда бўлишни хавфли деб ҳисоблайди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Германия Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат фуқаролари учун ахборот хабари тарқатди. Унда муассаса сафар давомида бир қатор касалликлар билан касалланиш хавфи ҳақида огоҳлантиради, шунингдек, Ўзбекистон шифокорлари ва автомашиналаридан фойдаланишдан вос кечишга чақиради.

Хабарда қайд этилганидек, Германия Ташқи ишлар вазирлиги ташрифдан олдин гепатит “А”, кўк йўтал, қизамиқ ва сил касаллиги, қутуриш, ич кетиши, ОИТВ, ошқозон-ичак бузилиши каби касалликларга қарши эмлашни тавсия қилади. Шунингдек, керакли дори-дармонларни ўзи билан олиб олиш тавсия этилади.

Бундан ташқари, Германия ТИВ йўл ва автомобиллар сифатининг пастлиги ва кўплаб ҳайдовчиларнинг қоидаларга риоя қилмаслигидан огоҳлантиради, шунинг учун сайёҳларга автотранспорт воситаларидан фойдаланишни маслаҳат бермайди. Бошқа мумкин бўлган хавф-хатарлар сифатида, ёлғиз, айниқса, қоронғида сайр қилиш, ўғирлик кабилар санаб ўтилади.

Британия Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, Ўзбекистон террорчилик ҳужумларига дуч келиши мумкинлигини билдириб, ўз фуқароларидан Ўзбекистонда бўлган вақтда ҳушёр бўлишларини сўрайди.

Эслатиб ўтамиз, 15 январдан бошлаб Ўзбекистон немис сайёҳлари учун 30 кунгача визаларни бекор қилди, 1 февралдан бошлаб бу тартиб Буюк Британия фуқаролари учун ҳам амал қилади.

Сурат манбаи: https://upl.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: