Мирзиёев Берлинга етиб келди ва ўзбек ёшлари билан учрашди

Дата: 10:32, 21-01-2019.

Тошкент. 21 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Берлинга (Германия) етиб келди ва ўзбек ёшлари билан учрашди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Германияда ўқиётган, илмий изланишлар олиб бораётган бир гуруҳ ўзбекистонлик ёшлар Берлин шаҳрида президент Шавкат Мирзиёевни катта хурсандчилик билан кутиб олди. Мамлакат делегацияси жойлашган қароргоҳ олдида самимий суҳбат бўлиб ўтди”, - дейилади давлат раҳбари матбуот хизматининг хабарида.

Президент, деб давом этилади шундан кейин, ватандошларимизнинг ўқиш ва ишлари, орзу-истаклари билан қизиқди.

“Ривожланган давлатлар барча соҳаларга илмий ёндашиб натижага эришган. Биз ҳам жуда катта изланишдамиз. Бутун ҳаракатларимиз дунё билан тенг бўлишга, халқимизга муносиб ҳаёт яратишга қаратилган.  Ислоҳотларни сиздек илғор ёшлар билан бирга амалга оширамиз. Ҳамма ўрганган билим, “ноу-хау”ларингни Ўзбекистоннинг ҳар бир соҳаси интиқлик билан кутяпти. Қанча кўп билимли бўлсак, шунча қудратли бўламиз”, - деб таъкидлади Ш. Мирзиёев. 

Қайд этилишича, президент ёшларни ўқиш ва изланишларини муваффақиятли тугатиб, билим ва тажрибаларини мамлакатимиз ривожига йўналтиришга таклиф этди.

Эслатиб ўтамиз, 20 январ куни президент Ш. Мирзиёев Германияга расмий ташриф билан жўнаб кетди. 

Сурат манбаи: https://president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: