Мирзиёев ва Назарбоев иккитомонлама ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар

Дата: 08:48, 12-10-2018.

Тошкент. 12 октябр. ЎзТАГ – 11 октябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевлар телефон орқали иккитомонлама ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Мулоқотда давлат раҳбарлари олий даражадаги музокараларда эришилган келишувлар доирасида кўп қиррали икки томонлама ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдилар”, - дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабарида.

Шундан кейин маълум қилинишича, Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари ўзаро савдо айланмаси ҳажми изчил ортиб, номенклатураси кенгайиб бораётганини мамнуният билан қайд этди. Ҳудудлараро ҳамкорлик салоҳиятидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди.   

Шунингдек, мулоқотда саноат, энергетика, транспорт-коммуникация, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда аниқ қўшма лойиҳалар бўйича ишбилармонлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришдан икки томон ҳам манфаатдор экани таъкидланди. 

Бундан ташқари, маданий-гуманитар, таълим, соғлиқни сақлаш ва туризм соҳаларидаги фаол ҳамкорликни давом эттириш муҳимлиги, бу мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги анъанавий дўстлик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди.

“Президентлар халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар”, - дейилади хабарда. 

Яна маълум қилинишича, томонлар энг муҳим масалалар, жумладан, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, замонавий таҳдид ва хатарларга қарши биргаликда самарали курашиш бўйича ёндашувлари муштарак эканини қайд этдилар. 

“Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш йўлида интилишлари қатъий эканини таъкидладилар”, - деб хулоса қилинади хабарга.

Сурат манбаи: http://www.press-service.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: