Қозоғистон ҳудудидаги ЙТҲда жабрланганлар Ўзбекистонга олиб келинди

Дата: 14:50, 25-04-2018.

Тошкент. 25 апрел. ЎзТАГ – Қозоғистон ҳудудидаги йўл транспорт ҳодисасида (ЙТҲ) жабрланганлар Ўзбекистонга олиб келинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан маълум қилишларича, 23 апрел куни соат 6:00да Ўзбекистон Республикасининг Қозоғистон Республикасидаги Элчиxонаси вакили бошчилигида 5 нафар жабрланган ва 2 нафар вафот этган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари автотранспортда ватанига олиб келинди.

Тошкент вилояти “Ғишт кўприк” чегара постида Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари вакиллари томонидан уларни кутиб олиш ишлари ташкиллаштирилди. Тегишли хужжатлар расмийлаштирилганидан сўнг, Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар вазирликлари вакилларининг кузатуви билан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маxсус транспортида икки нафар вафот этган фуқароларнинг жасадлари Фарғона вилоятига етказилиб, яқин қариндошларига топширилди.

Беш нафар жабланганлар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига даволаниш учун жойлаштирилди.

Хозирги вақтда Давлат Мадатов (1987 й.т.) ҳамда Баxтиёр Xолмирзаев (1994 й.т.) Қозоғистон Республикасининг Кордай туманидаги Марказий шифоxонада малакали тиббий ёрдам олишмоқда.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги олдин хабар бергани каби, юқоридаги ЙТҲси 21 апрел соат 07:40да Қозоғистоннинг Жамбил вилояти Кордай туманидаги йўлнинг 205 кмрида содир бўлиб, унда Олмота-Чимкент йўналишидаги “Мерседес Спринтер” микроавтобуси шаҳар уюми билан тўқнашиб кетди.

Микроавтобусда 19 киши бўлиб, уларнинг 17 таси Ўзбекистон фуқароси бўлишган.

ЙТҲ натижасида 3 киши вафот этди, 7 киши яраланди. Булардан 2 вафот этган Ўзбекистон фуқароси бўлишган. Жабрланганлар Жамбил вилояти Кордай тумани Марказий шифохонасига жойлаштирилган.

Сурат манбаи: http://m.azh.kz/ru/news/view/49948

Янгилик билан ўртоқлашиш: