Қозоғистон Ўзбекистон билан чегарадан ўтиш пунктлари ҳақидаги келишувга протоколни ратификация қилди
Тошкент. 24 апрел. ЎзТАГ – Қозоғистон Ўзбекистон билан чегарадан ўтиш пунктлари ҳақидаги келишувга протоколни ратификация қилди, дея хабар беради Қозоқ телеграф агентлиги (КазТАГ).
“Давлат раҳбари томонидан “Қозоғистон Республикаси ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ўртасидаги қозоқ-ўзбек чегарасида ўтиш пунктларига доир 2006 йил 4 сентябрдаги келишувга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ҚР Қонуни имзоланди”, - дейилади жума куни Оқўрда сайтида эълон қилинган хабарда.
Протоколнинг ратификация қилиниши Махтаарал темир йўл ўтиш пунктини қозоқ-ўзбек ўтиш пунктлари рўйхатига қонунан киритишга имкон беради. Бундан ташқари, протокол билан автомобиль ўтиш пунктлари сонини 10тадан 6тагача қисқартириш кўзда тутилмоқда.