“Реал Мадрид” академияси менеджерлари Тошкентга расман ташриф буюради

Дата: 16:27, 25-04-2018.

Тошкент. 25 апрел. ЎзТАГ – 22 майда “Реал Мадрид” клуби менеджерлари Андрес Антонио ва Хуан Паблолар Тошкентга расман ташриф буюради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон футбол уюшмасидан хабар қилишларича, бунга доир келишув январь ойида Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси президенти ва Ўзбекистон футбол федерацияси 1-вице президенти Умид Аҳмаджоновнинг Испанияга ташрифи ва “Реал Мадрид” клуби академияси директори  Хулио Ронко билан учрашувида эришилган эди.   

Ушбу учрашувда “Қироллик клуби”нинг Real Madrid Foundation Clinic дастури асосида Ўзбекистонда “Реал Мадрид” клубининг футбол мактабини очиш, “Реал Мадрид”да фаолият юритаётган мураббийларни Ўзбекистонга олиб келиш, улар иштирокида футбол мактабларимизда машғулотлар ўтказиш, футболчилар билан ишлаш жараёнлари ҳақида ўз тажрибалари билан ўртоқлашиш бўйича келишув имзоланган эди. 

Шунингдек, Real Madrid Foundation ва ЎФА ўртасида имзоланган Реал Мадрид академиясинг “Clinics” дастури доирасида Ўзбекистонда ва Испанияда болалар ва мураббийлар курсини ўтказиш бўйича ҳам ҳамкорлик келишувига эришилган. 

Ташриф доирасида Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти билан учрашув, матбуот анжумани ҳамда Real Madrid Foundation Clinic дастури бўйича ташкил этилаётган футбол академияси бинолари барпо этиладиган жой билан танишув тадбирлари бўлиб ўтади. 

Сурат манбаи: http://xahoi.com.vn/ronaldo-toi-da-khoc-rat-nhieu-sau-khi-madrid-thua-bayern-101768.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: