Россия Бухоро-Урганч-Хива участкасини электрлаштириш лойиҳасида иштирок этишни режалаштирмоқда

Дата: 17:31, 20-09-2019.

Тошкент. 20 сентябрь. ЎзТАГ – "Россия темир йўллари" (РТЙ) Бухоро–Урганч–Хива участкасини электрлаштириш лойиҳасида иштирок этишни режалаштирмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"РТЙ” ОАЖ Ўзбекистон‒Қирғизистон–Хитой линиясини қуриш лойиҳаси бўйича хитой-қирғиз-ўзбек ишчи гуруҳининг ишига қўшилишидан манфаатдор. Компания ўзбек ҳамкасблари билан биргаликда Бухоро–Урганч–Хива участкасини электрлаштириш лойиҳасида иштирок этиш масаласини кўриб чиқмоқда", - дейилади компания матбуот хизмати хабарида.

Бундай режалар 19 сентябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) мамлакатлари темир йўл маъмуриятлари раҳбарлари Нур-Султон (Қозоғистон)да бўлиб ўтган учрашувда эълон қилинди. Мажлисда ШҲТга аъзо давлатлар темир йўл маъмуриятлари раҳбарлари ва вакиллари – Ўзбекистон, Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон, кузатувчи давлатлар (Беларус) ҳамда ШҲТ котибияти вакиллари иштирок этди.

ШҲТ мамлакатлари темир йўл маъмуриятлари раҳбарларининг навбатдаги учрашуви 2020 йилда Россияда бўлиб ўтади.

 

Сурат манбаи: irna.ir

Янгилик билан ўртоқлашиш: