Россия элчихонаси Нукусда Совет Иттифоқи Қаҳрамонига ёдгорлик очди
Нукус. 24 апрел. ЎзТАГ – Яқинда Нукусдаги православ қабристонида Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Курск жанги иштирокчиси Николай Сараевга ёдгорлик очди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ёдгорликнинг очилиш маросимида Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Тюрденев қатнашиб, жорий йилда Улуғ Ватан урушида Ғалабанинг 70 йиллиги нишонланаётганлигини эслатиб ўтди. Бу ҳам Россия, ҳам Ўзбекистон учун алоҳида муҳим санадир.
“Биз бўлажак Улуғ Ватан урушида Ғалабанинг 70 йиллигини нишонлашга алоҳида аҳамият бермоқдамиз. Ўша фожеавий веқеалардан чиқадиган хулосалар, инсониятга қарши фашистик ғояларни қайта тиклашга уринишлар билан қатъий курашиш, уруш ва унинг қатнашчилари ҳақида авлодларга ҳақиқий хотиралар қолдиришни ўта муҳим деб биламиз. Бугун Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Курск жанги иштирокчиси Николай Андреевич Сараевга ёдгорлик очмоқдамиз. У 1942 йилда армияга чақирилиб, урушда саперлик батальонида хизмат қилган. Николай Андреевич Сейм ва Десна дарёларини кечиб ўтишда, Карпат ва Польшани озод қилишда ҳам қатнашган”, – деб таъкидлади элчи.
Кўрсатган жасорати учун Николай Сараев Қизил Юлдуз ордени, II даражали Ватан уруши ордени билан мукофотланган. Шунингдек, унга Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони ҳам берилган.