Тошкентда 9 кун олдин йўқолиб қолган бола уйи ёнидаги каналдан топилди

Дата: 16:36, 24-04-2018.

Тошкент. 24 апрел. ЎзТАГ – Тошкентда 9 кун олдин йўқолиб қолган бола уйи ёнидаги каналдан ўлик ҳолда топилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) пойтахт ИИББ матбуот хизматига таянган ҳолда.

“2018-йилнинг 14-апрел куни Тошкент шаҳар ИИББ томонидан қидирув эълон қилинган Аблуллоҳ Алишеровнинг жасади топилди. Тинимсиз равишда олиб борилган ҳамкорликдаги қидирув ишлари натижасида олти ёшли бола ўз уйи ёнидан оқиб ўтувчи, Учтепа туманидаги Қорақамиш канали сув лабидан топилган. Дастлабки текширув натижасига кўра, бола танасида ўлимга сабаб бўлувчи зўрлик аломатлари аниқланмаган. Воқеа сабаблари ўрганилмоқда”, - дейилади Тошкент шаҳар ИИББ хабарида.

Тошкент шаҳар ИИББ боланинг яқинларига чуқур ҳамдарлик билдирди.

Эслатиб ўтамизки, Аблуллоҳ Алишеровнинг йўқолиб қолгани ҳақидаги биринчи хабарлар 14 апрелда ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди. Боланинг қариндошлари ва кўнгиллилар уни бутун шаҳар бўйлаб қидирдилар. Энг сўнгги пайтгача у шаҳарда йўқолиб қолган, деб ҳисобланди.

Сурат манбаи: https://mytashkent.uz/2009/06/12/vodnaya-sistema-tashkenta/

Янгилик билан ўртоқлашиш: