Тошкентда бир кечада 362 ЙҲҚ бузилиши аниқланди

Дата: 17:11, 23-07-2018.

Тошкент. 23 июл. ЎзТАГ – 21дан 22 июлга ўтар кечаси Тошкентда 362 йўл ҳаракати қоидаларининг (ЙҲҚ) бузилиши аниқланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) пойтахт ИИББ ЙҲХББ матбуот хизматига таянган ҳолда.

Хусусан, хавфсизлик камарини тақмай автомобил бошқариш ҳолати 186 тани ташкил этган. Огоҳлантирувчи йўл белгилари ва светофорга амал қилмаганлиги учун 19 нафар фуқаро жаримага тортилган.

Тўрт ҳайдовчи машинани маст ҳолда бошқарган бўлса, 9 киши автомобил бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларга эга бўлмаган.

Шунингдек, ҳаракатланиш вақтида автомобилни тақиқланган усулда қувиб ўтиш ҳолати 18 маротаба кузатилган.

Бундан ташқари, тезликни белгиланган меъёрдан оширганлиги учун ЙПХ нозирлари томонидан огоҳлантирилганлар 10 кишини ташкил этди. Улардан икки нафари мотоциклда бўлган. Жумладан, 25 ёшли Ш. Бегзод Kawasaki, 26 ёшли Р. Баҳодир Honda русумидаги мототранспорт воситаларини ҳайдовчилик гувоҳномаларсиз бошқарганлар.

“Уч нафар фуқаро нафақат тезликни оширган, балки спиртли ичимлик таъсирида бўлган. Улар 41 ёшли Р. Акобир “Нексия”, 50 ёшли К. Рузил “ВАЗ-21099” ва У. Жаҳонгир “Нексия” автомобилида ҳаракатланганлар”, - дейилади хабарда.

Шунингдек, тўрт кишининг автомобилни бошқариш ҳуқуқни берувчи ҳужжатлари йўқлиги аниқланган.

“ЙПХ нозирлари қонунбузилашларни аниқлаш билан бирга профилактика ишларини ҳам ўтказдилар: ҳайдовчи ва мотоциклчиларга ЙҲҚга амал қилиш ва бошқа йўл ҳаракати иштирокчиларини ҳурмат қилишнинг аҳамияти ҳақида тушунтириш берилди”, - деб хулоса қилинади ИИББ хабарига.

Сурат манбаи: https://www.autostrada.uz/shtraf-pdd-uzbekistan/

Янгилик билан ўртоқлашиш: