Тошкентда икки ёнғин бартараф қилинди

Дата: 08:47, 20-07-2018.

Тошкент. 20 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон пойтахтида икки ёнғин бартараф қилинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Бугун 19 июл куни соат 4.54 Тошкент шаҳар ИИББ ЁХБга Миробод тумани, Ойбек кўчасидаги 9 қаватли бўлган 44-уйнинг 1-қаватида жойлашган магазинда ёнғин келиб чиққани ҳақида хабар келиб тушди”, - дейилади Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси (ИИББ) матбуот хизмати хабарида.

Ўт ўчириш гуруҳининг тезкор ҳаракатлари натижасида соат 5.19да ёнғин бартараф этилди.

“Бахтсиз воқеа сабаб, магазиндаги товарлар ёниб кетган. Ўт ўчирувчилар ёнғин содир бўлган магазин тепа қаватида жойлашган хонадонлардан 6 кишини эвакуация қилишган”, - дейилади хабарда.

Ёнғиннинг келиб чиқишига қисқа туташув сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда. Кўрилган молиявий зарар ҳисоб-китоб қилинмоқда.

“Шу куни эрталаб соат 5.17да яна бир ёнғин ҳақидаги хабар келиб тушган. Бу сафар Миробод тумани, Нукус кўчасида жойлашган “Сигма” бизнес марказида ёнғин келиб чиққан”, - деб таъкидланади хабарда.

Воқеа жойига зудлик билан йўл олган ўт ўчирувчиларнинг саъй-ҳаракатлари билан қисқа фурсатда офат бартараф этилди. “Соат 5.49да ёнғин тўлиқ ўчирилди. Аланга бинонинг фасади ва 4 ҳамда 9-қаватда жойлашган соғломлаштириш марказига зиён етказган. Жароҳат олган ва қурбон бўлган одамлар йўқ”, - деб аниқлантирилади хабарда.

Бошланғич маълумотларга кўра, ёнғин келиб чиқишига, СПА-салонида қаровсиз қолдирилган электр иситиш ускунаси сабаб бўлган.

“Тошкент шаҳар ИИББ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг барча раҳбарларидан ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилишни, маиший электр қурилмаларини қаровсиз қолдирмасликни, газ ва электр ускуналарнинг қўллаш йўриқномаларига амал қилишни, электр симларига босимни меъёридан оширмасликни сўрайди”, - деб хулоса қилинади хабарда.

Сурат манбаи: https://ru.sputniknews-uz.com/society/20160115/1559436.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: