Ўзбекистон аҳолисининг сони 33 млн кишидан ошди

Дата: 15:23, 15-10-2018.

Тошкент. 15 октябр. ЎзТАГ – 1 октябрь ҳолатига Ўзбекистон доимий аҳолисининг сони 33,085,2 млн кишини ташкил этди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистон Республикаси доимий аҳолиси сони 2018 йил 1 октябр ҳолатига 33085,2 минг кишини ташкил этиб, йил бошига нисбатан 428,5 минг кишига ёки 1,3%га ўсди”, - дейилади мамлакат Давлат статистика қўмитаси хабарида.

Жумладан, шаҳар аҳолиси сони 16728,2 минг кишини (жами аҳоли сонидаги улуши 50,6%), қишлоқ аҳолиси сони 16357,0 минг кишини (49,4%) ташкил этди.

Республика ҳудудлари кесимида таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, 2018 йил 1 октябр ҳолатига энг кўп аҳоли сони Самарқанд вилоятида 3777,8 минг кишини (республика аҳолиси сонидаги улуши 11,4%ни) ва Фарғона вилоятида 3665,6 минг кишини(11,1%), аксинча, энг кам аҳоли сони Сирдарё вилоятида 825,8 минг кишини (2,5%) ва Навоий вилоятида 969,7 минг кишини (2,9%) ташкил этди.

Ҳудудлар кесимида аҳолининг энг юқори ўсиш суръати 2017 йилнинг мос даврига нисбатан Сурхондарё вилоятида (2,2%), Самарқанд вилоятида (2,1%), Қашқадарё вилоятида (2,0%), Жиззах ва Наманган вилоятларида (1,9%) ва Тошкент шаҳрида (1,8%) ташкил қилди. Энг кам ўсиш суръати Тошкент вилоятида (1,2%) ва Қорақалпоғистон Республикасида (1,4%) қайд этилди.

 

Сурат манбаи: www.gazeta.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: