Ўзбекистон ТИВ раҳбари Пекинда ҳиндистонлик ҳамкасби билан учрашди

Дата: 15:31, 24-04-2018.

Тошкент. 24 апрел. ЎзТАГ – 23 апрель куни Пекин шаҳрида ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Ҳиндистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Сушма Свараж билан учрашди, деб хабар беради ўзбек ташқи сиёсий муассасасининг матбуот хизмати.

“Бўлиб ўтган суҳбат давомида томонлар Ўзбекистон-Ҳиндистон кун тартибининг долзарб масалаларини муҳокама қилди ва ўзаро муносабатлардаги янги динамика ва ижобий тенденцияларни таъкидлаб ўтди. 2017-йил натижаларига кўра икки томонлама савдо ҳажми 323,6 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Бу беш йил аввалги кўрсаткичдан деярли икки баробар кўп”, - дейилади хабарда.

“Вазирлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга бўлажак давлат ташрифига тайёргарлик борасида фикр алмашиб, унинг ижобий якунланишидан иккала томон ҳам манфаатдор эканлигини тасдиқлаб ўтишди”, - дейилади хабарда.

Учрашувда Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раунди, Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссия, Терроризмга қарши курашиш бўйича қўшма ишчи гуруҳи мажлисларини ўтказиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Шунингдек, Ҳиндистон ТИВ раҳбари Ўзбекистонни 2018-йилнинг 26-27-март кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Афғонистон бўйича “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусидаги юқори даражали халқаро конференциянинг натижалари билан табриклади ва Ҳиндистон томонининг якуний Тошкент декларациясини амалга оширишга ижобий ҳисса қўшишга тайёрлигини тасдиқлади.

Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари шу куни ишни бошлаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши мажлисларининг кун тартибини муҳокама қилишди. Айтиш жоизки Ҳиндистон делегацияси ШҲТ ТИВК таркибида биринчи маротаба тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қатнашаяпти.

 

Сурат манбаи: https://uzreport.news/politics/abdulaziz-kamilov-vstretilsya-s-ministrom-inostrannih-del-indii

Янгилик билан ўртоқлашиш: