Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари 10 млрд. доллардан ортиқ ҳажмдаги шартномани имзоладилар

Дата: 10:41, 26-03-2019.

Тошкент. 26 март. ЎзТАГ – 25 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи чоғида 10 млрд. доллардан ортиқ ҳажмдаги шартнома имзолади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, Абу-Дабидаги “Қаср ал-Ватан” саройида икки давлат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган музокаралар бўлиб ўтди. Шундан сўнг имзоланган икки томонлама ҳужжатлар алмашинуви маросими бўлиб ўтди.

"Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида қўшма баёнот қабул қилинди. Томонлар сармоялар, молия, муқобил энергия, саноат ва инфратузилма, қишлоқ хўжалиги ва божхона маъмуриятлари соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида имзоланган ҳужжатларни алмаштирди. Хабар қилинишича, ташриф давомида умумий қиймати 10 миллиард доллардан зиёд ҳажмдаги келишувлар имзоланган”, – дейилади хабарда.

Суҳбат чоғида икки мамлакат ўртасида ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, инновация, банк-молия, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда амалий алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари, Ўзбекистоннинг иқтисодиёт, инновация, савдо, молия ва туризм соҳаларида ҳамкорликка бўлган қизиқишлари муҳокама этилган.

Бундан ташқари, Ш. Мирзиёев ва Абу Даби Амирлиги валиаҳди шаҳзодаси Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаённинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди. Томонлар савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, энергетика ва инфратузилма йўналишида қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш, фан-технология ва таълим соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олдилар.

Учрашувда, шунингдек, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда Ўзбекистон билан Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги савдо айланмаси ҳажми деярли 400 миллион долларни ташкил этган.

Ўзбекистонда Бирлашган Араб Амирликлари инвестициялари иштирокидаги 107 корхона фаолият юритмоқда. Ушбу мамлакат фирма ва компанияларининг 28та ваколатхонаси очилган. Улар асосан тўқимачилик, қурилиш материаллари, мева консервалари, полиграфия, улгуржи савдо, хизмат кўрсатиш йўналишларида иш олиб бормоқда.

Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: