Ўзбекистон ва Корея ихтирочи аёллари бирлашмалари ўзаро ангашув меморандумини имзоладилар

Дата: 16:37, 18-01-2019.

Тошкент. 18 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон Ихтирочи аёллар маркази ва Корея ихтирочи аёллар ассоциацияси (KWIA) ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Келишув икки томонлама ихтирочилик, таълим, бизнес ҳамда маданий алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилади.  

Имзолаш маросими Инҳа университетида ўтказилган “Ихтирочи аёллар – фан, инновация, инвестиция” мавзусидаги давра суҳбати доирасида бўлиб ўтди.

Корейс делегациясига Корея Ихтирочи Аёллар Ассоциацияси (KWIA) президенти Юн Мунг Хи хоним бошчилик қилди. Делегация аъзолари Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги бош директори Алишер Файзуллаев, Хотин-қизлар қўмитасининг вакиллари ва етакчи экспертлар билан учрашдилар.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шахридаги Инҳа университети халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳар йили хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларни ушбу соҳада ижодий салоҳиятини юзага чиқариш мақсадида АТ соҳасида танловлар ва тадбирлар ўтказиб келмоқда.  

Корея Ихтирочи Аёллар Ассоциацияси (KWIA) жамиятда обрўсини кўтариш, янгиликлар яратишга хизмат қилади ва уларни патентлашга имкон беради.

Сурат манбаи: http://infocom.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: