Ўзбекистонда 1 мартдан бошлаб махсус “инвестиция виза”сини бериш бошланади

Дата: 15:34, 18-01-2019.

Тошкент. 18 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистонда 1 мартдан бошлаб махсус “инвестиция виза”сини бериш бошланади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу президентнинг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармони билан кўзда тутилган.

“Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2019 йил 1 мартдан бошлаб хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг таъсисчилари (иштирокчилари) ва уларнинг оила аъзолари учун муддатини мамлакатдан чиқмасдан узайтириш имконияти бўлган, амал қилиш муддати уч йилни ташкил қиладиган “инвестиция визаси” жорий этилади”, - дейилади ҳужжат матнида.

Ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш бўйича корхоналар ташкил қилиш учун $3 млндан ортиқ миқдорда инвестиция киритган хорижий давлатлар фуқароларига, шу жумладан, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг таъсисчилари (иштирокчилари)га Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси 10 йил муддатга соддалаштирилган тартибда берилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси ёки “инвестиция визаси”га эга хорижий инвесторлар ҳамда уларнинг оила аъзолари Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун назарда тутилган шартларда тиббий ва таълим хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Бундан ташқари, хорижий инвесторлар, улар томонидан хорижий давлатлар фуқаролари орасидан жалб этиладиган мутахассислар ва уларнинг оила аъзоларини вақтинча рўйхатга олиш инвестиция лойиҳаси рўёбга чиқарилаётган ҳудуддаги аҳоли яшаш пунктида, мамлакатнинг бошқа ҳудудларида бўлганда қайта рўйхатдан ўтиш мажбуриятисиз, визанинг амал қилиш муддатига (виза мавжуд бўлмаганда эса 1 йил муддатга) амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда яқинда Vatandosh, Student visa, Academic visa, Medical visa ва Piligrim visa каби бешта янги кириш визаларининг турлари жорий этилди.

Сурат манбаи: http://gtn.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: