Ўзбекистонда дастурий маҳсулотларни ривожлантириш учун Корея тажрибасидан фойдаланиш режалаштирилмоқда

Дата: 16:20, 20-04-2018.

Тошкент. 20 апрел. ЎзТАГ – 5-21 апрел кунлари Корея ахборотлашган жамиятни ривожлантириш институти (KISDI) муассасаси мутахассисларидан иборат делегация Ўзбекистонда бўлиб турибди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Делегация ташриф доирасида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Инновацион ривожлантириш вазирлиги, шунингдек, ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этишга кўмак кўрсатиш бўйича “Mirzo Ulugbek Innovation Center” Инновацион маркази ҳамда вазирлик тизимидаги бошқа ташкилотлар, ИТ-компанияларда учрашувлар ўтказмоқда.

Ахборот технологияларини ривожлантириш вазирлигидан маълум қилишларича, KISDI экспертлари сўнгги 15 йил мобайнида жаҳоннинг 27 мамлакатида 73 та лойиҳани амалга оширишга муваффақ бўлганлар.

Ўзаро ҳамкорликда давом этадиган консултатив дастур 2018 йилнинг декабрига қадар 4 босқичда ташкил қилинади. Дастурнинг иккинчи босқичида ўзбекистонлик 5 нафар мутахассиснинг Корея Республикасида ихтисослашган ўқув ва семинарларда иштирок этиши режа қилинган.

Кореялик мутахассислар дастурий таъминот бозорида тадбиркорлик муҳитининг муваффақиятли ривожланиши учун инсон салоҳияти, қулай тадбиркорлик муҳити, иқтисодий асос ҳамда қулайликлар зарурлигини қайд этдилар.

Сурат манбаи: http://nabludatel.ru/news/rasprostranenie-v-internete-detskoj-pornografii.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: